Ўзбекистон янгиликлари

Конституция кунига бағишланган учрашув

Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари, билим юрти ўқитувчилари, ходимлари, талабалари иштирок этди.

Учрашувда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мудири Жалалатдин Абдуразаков, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Адилбай Ережепов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими бошлиғи Азат Бекжанов ва бошқалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли мамлакатимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли ҳужжат эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 ноябрдаги фармойишига биноан, бу йилги Конституция байрами “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган ҳаётий шиор остида республикамиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Дарҳақиқат, бош қомусимиз мазмун-моҳиятида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади, конституциямиз инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш ғоялари билан суғорилган.

Жумладан, Конституциямизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган бўлса, 33-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, 35-моддасида эса ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши алоҳида белгилаб қўйилган.

Учрашувда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, киритилган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Read 1112 times

Янгиликлар

Top