Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик имом Россияда ватандош-муҳожирлар билан учрашди

30 октябрь куни Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги делегация Россия Федерациясига ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган мақсад Новосибирск вилоятида меҳнат қилаётган 12,5 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар билан учрашиш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан танишиш эди. 

Делегация таркибида Ўзбекистон президенти Девони, Миллий хавфсизлик хизмати, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик, Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари ўрин олган эди.

Делегация таркибида Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ўринбосари – “Носирхон” масжиди имоми Жасур Раупов ҳам меҳнат муҳожирлари билан учрашувларда иштирок этди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати хабарига кўра, Россияга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг кузатишлари ва ўрганишлари давомида ҳудуддаги бозорларда савдо қилаётган сотувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи Ўзбекистон фуқаролари экани айтилган.

Давлат маслаҳатчиси ва делегация аъзолари ватандошлар билан самимий мулоқот қилиб, уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб бергани айтилди.

1 ноябрь куни, Новосибирск вилоятининг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган ёшлар ҳамда новосибирсклик маҳаллий иш берувчилар билан очиқ мулоқот ўтказилгани хабар қилинди.

Маълумот учун, Ўзбекистон делегациясининг Россияга сафари 30 октябрдан 9 ноябрга қадар давом этади. Улар Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳарларида учрашувлар ўтказадилар.

 

 

Read 4332 times

Янгиликлар

Top