Ўзбекистон янгиликлари

"РАҲБАР ВА ЁШЛАР" ОЧИҚ МУЛОҚОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

Бугун, 23 декабрь куни, Ўзбекистон халқаро ислом академияси мажлислар залида Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев ва фаол ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда ёшларнинг диний-маърифий соҳадаги фаолияти, эришаётган ютуқлари ҳамда келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

"Академия биносига кирар эканман, ўқитувчилар, талабалар, умумий жараёнларни кузатиб, беихтиёр, талабалик йилларим, устозларим, дарс жараёнлари, барча барчаси хотирамда қайта гавдаланди. Бугунги учрашув сабаб – ўзим ҳам яна бир бор талабалик йилларимга қайтдим. Менга ёшлик хотираларимни, талабалик йилларимдаги соғинчни тортиқ этганингиз учун сизларга катта раҳмат айтаман!" - деди С.Тошбоев.

Очиқ мулоқотда Қўмита раиси томонидан диний-маърифий соҳадаги ёшларнинг таълим ва тараққиётга интилишини қўллаб-қувватлаш, кенг фикр ва дунёқарашга эга кадрлар сифатида камол топишини таъминлаш мақсадида қуйидаги ташаббуслар илгари сурилди:

Мамлакатимиздаги мавжуд зиёрат туризми салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда, соҳадаги аълочи ва фаол талабаларни 2024 йил ноябрь ойида “Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида ўтказиладиган тадбирларда Самарқанд ва Бухоро вилоятларига зиёрат турлари уюштирилади.

2023/2024 ўқув йили якунига қадар Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларининг Ахборот-ресурс марказига Дин ишлари бўйича қўмита раиси номидан мутахассислик, диний-маърифий ва бадиий китоблар жамланмаси тақдим этиб борилади.

Республикада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёт оқимларнинг ғоявий негизларини ўрганиш ҳамда уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш каби долзарб йўналишларда илмий-тадқиқот олиб бораётган ёш тадқиқотчилар 2024 йилдан бошлаб “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланади!

Тадбирда йил давомида тарғибот ишларида фаол иштирок этиб келган, таълим жараёнларида ўзининг иқтидорини намоён қилган ҳамда жамоат тадбирларида фаол бўлган бир гуруҳ ёшлар Қўмита раисининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Очиқ мулоқот фаол савол-жавоб шаклида бўлиб ўтди. Қўмита раиси топшириғига кўра, ёшлар томонидан берилган савол ва таклифлар асосида махсус "Йўл харита" ишлаб чиқилиши белгиланди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Read 1058 times

Янгиликлар

Top