Ўзбекистон янгиликлари

Шу йил 22 декабрь куни муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан мамлакатимиз миқёсида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган шиор остида зиёлилар, илм-аҳллари ва кенг жамоатчилик иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар бошланди.

Бугун, пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони, “Наврўз” тўйхонаси, Уч тепа тумани ҳокимияти каби масканлардаги бўлиб ўтган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Республика Маънавият ва маданият маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо каби зиё аҳллари иштирок этдилар.   

Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар бугунги мураккаб даврда халқимизнинг миллий манфаатларини асраб-авайлаш, тинч ва осуда ҳаётни сақлаш, дунёнинг айрим нуқталаридаги нотинч вазият туфайли инсонлар азият чекаётгани, ана шундай бир шароитда юртимизда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидладилар. Шунингдек, ушбу мавзулар Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва ибратли воқеалар асосида таъсирчан баён этилди.

Тадбирда диёримизнинг тинчлигига ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг бу соҳада олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ҳам муҳим омил экани, бу дунёда Ватандан азизроқ макон йўқлиги, у билан фахр-ифтихор туйиш, жадид боболаримизнинг миллий давлатчиликка қўшган ҳиссаси, илм-маърифатга берган эътиборлари ҳақида сўз юритилди.

Истиқлол шарофати билан ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очилгани, ҳурлик бизга ўзлигимизни қайтаргани, дину диёнатимизни тортиқ этгани, эркин эътиқод ва ибодат қилишимизни таъмин этгани алоҳида қайд қилинди.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий каби улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг илм-фан тараққиёти ривожига бебаҳо ҳисса қўшганлари ҳаётий мисоллар билан эътироф этилди.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир фуқаронинг миллий ва диний асрий орзу-умидлари рўёбга чиқишига мустаҳкам асосдир. Қувонарлиси, бугунги озод ва обод юртимизда миллий қадриятлар ҳам, диний қадриятлар ҳам сайқал топаётганини ҳар қанча эътироф этсак, шукрона келтирсак арзийди.

Тадбирлар доирасида маънавий-маърифий китоблар, миллий ҳунармандчилик намуналари ва видеолавҳалар намойиш этилди.

Read 894 times

Янгиликлар

Top