Ўзбекистон янгиликлари

Янги нашр: ҳадислар тўплами тақдимот қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйида “Инсониятнинг энг яхшисининг сўзларидан жилоланувчи нурлар” китоби нашр этилди. Мазкур асар Ҳофиз Абдул Азим Мунзирийнинг “Ат Тарғиб ват- Тарҳиб” ва Имом Нававийнинг “Риёзус Солиҳийн” китоблари асосида Искандар домла Халилов томонидан нашр учун тўпланган.

Шу йил 24 январь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида мазкур китоб тақдимоти ўтказилди.

Маърифий тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, уламолар, имом домлалар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар юртимизнинг янги тараққиёт даврида имом-хатибларнинг билим ва малакалари юксалиб бораётгани, хусусан, ушбу янги тўпламнинг нашр этилиши ҳам бунга ёрқин далил экани, унда машҳур олтита саҳиҳ ҳадис тўпламларидаги одоб-ахлоққа оид ҳадисларнинг энг сараларидан 3 550 та ҳадисни омма ўқувчилар учун жамлангани ва икки жилдлик китоб қилингани эътироф этилди.

Шунингдек, мазкур тўплам имом-хатиблар, мударрислар ва талабалар учун фойдали кўлланма бўлиши алоҳида қайд этилди.

Тадбир сўнгида янги нашр этилган китоб иштирокчиларга тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 892 times

Янгиликлар

Top