Ўзбекистон янгиликлари

Қардош муфтийлар ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилдилар

Шу йил 24 январь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари доирасида ҳукуматимиз делегацияси таркибида ташриф буюрган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода билан мулоқот ўтказдилар.

Учрашувда маърифий тадбирлар юқори даражада ташкил этилгани ҳақида сўз юритиш баробарида келгусидаги истиқболли режалар, ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар ва халқаро анжуманлар ҳақида фикр-мулоҳаза алмашилди. Шунингдек, икки давлат раҳбарларининг диний-маърифий соҳага қаратаётган эътиборлари натижасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этилди.

Мулоқот чоғида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон Президенти томонидан сўнгги йилларда ватан, халқ ва дин равнақи йўлида жуда катта ишлар амалга оширилаётганига урғу қаратди. Бундан ташқари, у Шайхулислом даражасига етишда Тошкент ва Бухородаги устозлари, сафдошлари ва билим даргоҳларининг ўрни ниҳоятда беқиёс эканини билдирди.

Шайхулислом ҳазратлари ўтган 2023 йил ноябрь ойида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган халқаро анжуман юртимизда жуда юқори даражада ўтказилганини юксак эътироф этди.

Муфтийлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ва илм-фан соҳаларида ўзаро тажриба алмашишга оид масалаларга ҳам урғу қаратдилар.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 724 times

Янгиликлар

Top