Ўзбекистон янгиликлари

БАА ўзбекистонликлар учун визани бекор қилди: тақиқлар ва тавсиялар

2024 йил 16 январь куни Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ўртасида кириш виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисидаги ҳамкорлик протоколи имзоланди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон фуқаролари 30 кундан ошмаган муддатда Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида бўлиши даврида виза талабларидан озод этилади. Ҳужжат расман 2024 йил 16 февралдан кучга киради.

Хўш, биз Бирлашган Араб Амирликлари ҳақида нималарни биламиз? Биз бугунги лавҳамизда фуқароларимиз учун Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида амал қилиниши керак бўлган айрим қонун-қоидалар билан таништиришни мақсад қилдик.  

Такси хизматлари.  

Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида такси хизматлари ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари асосида нарх белгиланади.  

Маълумот учун: Абу Даби ва Дубайда таксида юришнинг минимал нархи - 12 дирҳам, Шаржада 13 дирҳам, учала шаҳарда 1 соат кутиш вақти 30 дирҳам. Абу Дабида ҳар км учун 1,8 дирҳам, Дубай ва Шаржада 2,8 дирҳам тўланади.  

Солиқлар.  

Бирлашган Араб Амирликларида барча товар ва хизматлар учун тўловлар нархидан 5 фоиз қўшилган қиймат солиғи ундирилади. Туризм мақсадида ташриф буюрган туристлардан меҳмонхона хизматларининг нархидан 4 фоиз туристик солиғи ундирилади, солиқлар меҳмонхона нархига қўшилган тарзда тақдим этилади.  

БАА бўйлаб хорижий давлатлар фуқаролари учун “Tax free” тизими жорий этилган. 2022 йил 14 сентябрда ушбу тизим тўлиқ рақамлаштирилган ва барча аэропортларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш киоскларида фуқаролар қилинган харид учун электрон харид чеклари орқали Қўшилган Қиймат Солиғини қайтиб олишлари мумкин.  

Бирлашган Араб Амирликлари давлат тили – араб тили.  

Бироқ, БААда доимий яшовчи хориж фуқароларининг умумий аҳоли сонидаги улуши 88%ни ташкил қилгани ва туристлар учун шароит яратиш мақсадида оммавий объектлардаги кўрсаткичлар ҳамда йўл ва бошқа белгилар араб ва инглиз тилларида. Мулоқотда урду, ҳинд ва форс тиллари ҳам кенг тарқалган.  

Алкоголизмни тарғиб қилиш тақиқланади  

Мамлакатда алкоголли ичимликларни жамоат жойларида истеъмол қилиш ва маст бўлиш билан боғлиқ қатъий чекловлар мавжуд. Шаржа амирлигида спиртли ичимликлар билан боғлиқ чекловлар қатъий назорат қилинади. Шаржада жамоат транспортида спиртли ичимликларни олиб юриш ҳам тақиқланади. Қоидабузарлар олти ойгача қамоқ жазосига ёки 2000 дирҳам (яъни $ 545 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.  

Маҳаллий аҳолини суратга олиш тақиқланади  

Амирликлар қонунчилиги одамларни уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқлайди. Шу сабабли, сайёҳлар маҳаллий аҳолини камерага ёзиб олишга ҳаракат қилишда эҳтиёт бўлишлари керак. Суратга олишдан олдин, агар улар бунга қарши бўлмасалар, аниқлаб олиш яхшироқ. Қоида одамлар гавжум жойларда, диққатга сазовор масканларни суратга олишда қўлланилмайди. Аммо бошқа ҳолларда йирик миқдорда жарима тўланишига, қонунни қўпол равишда бузганлик учун эса 7 йилгача маҳаллий қамоқхонага равона бўлиш мумкин.  

Жамоат жойларида эркак ва аёллар ўзларини тутиш бўйича чекловлар мавжуд  

Бу борада қатъий чекловлар БААнинг барча Амирликларида қўлланилади. Жуфтликларнинг жамоат жойларида ҳаддан зиёд яқин бўлиши ва турли ҳаракатлар қилиши юқоридаги каби жарима ёки қамоқ жазосига дуч келишингиз мумкин.  

Туристларга бўлган муносабат туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ушбу масала бўйича сайёҳларга муносабати енгил кўрилади. Сўнгги йилларда хориж фуқароси бўлган ҳуқуқбузарларга шунчаки танбеҳ берилмоқда. Бироқ мавжуд жазо чоралари амалда қолмоқда.  

Бир жинсли шахсларнинг ўзаро муносабатга киришиши БАА қонунчилигига кўра оммавий калтаклашдан тортиб, қамоққа олиш ёки ўлим жазосигача жазоланиши мумкин. Бу борада қонунбузарлар миллатидан ва жиноят содир этилган жойдан (жамоат жойи, меҳмонхона, хусусий турар жой) қатъий назар жазоланади.  

Қарама-қарши жинс вакиллари кийимларини кийиш, тақинчоқ ва бошқа буюмларидан фойдаланиш йирик миқдорда жарима ёки қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Жамоат жойларида сайёҳларнинг кўриниши бўйича талаблар мавжуд    

БАА қонунчилиги шариатга асосланишидан келиб чиқиб, жамоат жойларида ҳаддан ташқари очиқ ва тор кийимлар киймаслик бўйича қатъий талаблар мавжуд. Бироқ, ҳозирда кийиниш қоидаларини бузганларга жиддий жазо қўлланилмайди. Фақат масжидга ташриф буюрувчиларнинг ташқи кўринишига қўйиладиган талабларга қатъий риоя қилинади.  

Жамоат транспортидаги айрим қоидалар  

Дубай метросидаги пушти рангдаги вагонлар фақат аёллар ва 12 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган, эркаклар чиқиши ман этилади.  

Жамоат транспортида овқатланиш қатъиян ман этилади, қоида ҳатто сақич учун ҳам амал қилади.  

Ногиронлар ва ҳомиладор аёллар учун жойларни эгаллаш тақиқланади, ҳатто улар яқин атрофда бўлмаса ҳам.  

Учала ҳолатдаги тақиқларни бузганлар учун 100 дирҳам ($ 27) миқдорида жарима қўлланилади.  

Муқаддас Рамазон ойида амал қилиниши лозим бўлган айрим жиҳатлар  

Рамазон даврида жамоат жойларида кундузи овқатланиш ва сув ичиш қонунчилик даражасида тақиқланган. Тақиқни бузганлар бир ой қамоқхонага тушиши ёки 1000 дирҳам ($ 272) жаримага тортилиши мумкин.  

Шунингдек, бу даврда жамоат жойларида фуқароларнинг ташқи кўриниши ва ҳатти-ҳаракатларига қўйилган талаблар (баланд овозда гапириш ёки кулиш, қасам ичиш) кучайтирилади. Ўз навбатида, бу даврда турар жойлар нархлари арзонлашади, турли чегирмалар жорий этилади.  

Бошқа дин вакилларининг диний эътиқодларини ҳақоратлаш жазоланади. Ҳар қандай динни танқид қиладиган рамзлар билан кийим кийиш тақиқланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қайси мамлакатга борманг Сиз Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет давлати учун "хорижлик" бўлиб қоласиз. Бошқа давлат қонун қоидаларига амал қилиш аввало ўзингиз учун фойдали.

Бизни кузатишда давом этинг. Ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.

М.Турдалиева,

ЎзА

Read 805 times

Янгиликлар

Top