Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди раиси Қатар элчиси билан учрашди

Ўзбекистон мусуломонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим билан учрашди.

Қатарнинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Исохон домла Абдуллаев самимий қабул учун элчига ўз миннатдорлигини билдириб, сўнгги йилларда Ислом динига эътиқод қилувчи икки давлат ўртасидаги алоқалар тобора ривожланиб бораётганини қайд этди. Диний соҳадаги алоқалар ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, “Вақф” фонднинг ташкил топиши, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот бериб ўтди.

Ўз навбатида элчи жаноблари ҳамкорликнинг янги босқичга чиқишида икки давлат ўртасидаги виза режимининг енгиллаштирилиши муҳим омил бўлаётганига алоҳида урғу қаратди. “Вақф” фонди томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлардан ҳам хабардор эканини таъкидлаб, аҳолининг кўплаб қатламига енгиллик ва қулайлик олиб келаётган лойиҳаларда иштирок этишдан хурсанд ва манфаатдор эканини билдирди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда элчи жаноблари “Вақф” хайрия жамоат фондининг бир қанча истиқболли лойиҳаларида иштирок этиш истагини билдирди. Хусусан, элчихона кам таъминланган, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув марказларини ташкил этиш, зарурий жиҳозлар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш, Рамазон ойида хайрия акцияларини ташкил этиш, қадимий қўлёзма ва адабиётларни қайта тиклаш ва уларни рақамлаштириш, эҳтиёж бўлган ҳудудларда сув чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиб, фондга ҳар жиҳатдан кўмак беришга тайёрлигини айтиб ўтди.

Мулоқот сўнггида элчига эсдалик совғалари топширилди.

Учрашувда Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари Холид ибн Али ал-Малик Жиҳаний ва Фонднинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича мутахассиси Миржалол Қосимов ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Read 955 times

Янгиликлар

Top