Кўприклар қуриш, кўприксозлик қадим-қадимдан диёримизда амалга оширилиб келинаётган хайрли амаллар саналади. Биргина Қарши шаҳридаги “Қарши” кўпригини олайлик. Унинг қурилганига 700 йилдан ошган. Кўприк қадимда Қашқадарё дарёсининг икки қирғоғини ўзаро боғлаб, халқаро ижтимоий-иқтисодий алоқаларга восита бўлган. Ўрта асрларда Насаф орқали Эрон ва Ҳиндистонни Европа билан боғлаган муҳим карвон йўллари ўтган. Шу боис бу воҳа асрлар давомида гуллаб-яшнаган.
Дарҳақиқат, кўприклар нафақат, узоқни яқин, машаққатни енгил қилади, балки, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоот ҳисобланади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил янгиликлар қаторида шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш, халқаро автойўлларда кўприклар барпо этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил декабрь ойида Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида Амударё устида Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши бўйича топшириқ берган эди. Ўтган давр мобайнида лойиҳа ишлаб чиқилиб, шу асосда ушбу иншоот тўла қуриб битказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 29 феврал куни Хоразм вилоятига ташриф буюриб, дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига борди ва янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этиб:
“Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин”, – дея, бу иншоотнинг аҳамияти нечоғлик буюк эканлигини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур кўприк том маънода дўстлик кўпригидир.
Шу пайтгача ҳудуд аҳолиси ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланарди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу эса йўл қатновига сезиларли таъсир қилар, дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди. Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмондан машаққатни кетказса, Аллоҳ унга бутун оламни мунаввар қиладиган икки нур беради. Унинг қандайлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди”, – дедилар». Табароний ривояти.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу кўприк орқали, минглаб мусулмонларнинг бир неча асрлар давомида машаққати арийди. Иншааллоҳ, шунга яраша иш эгаларининг номаъи амаллари ҳам ушбу савоблардан зийнатланиб туражак.
Энди янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, айланма йўллар орқали сарф этилаётган ортиқча харжатлар қисқаради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилиши, ҳамда воҳага тезюрар поездларининг қатнови ҳам йўлга қўйилиши амалга оширилади.
Биргина кўприкнинг бино қилиниши мана шунча қулайликлар, моддий манфаат келтирмоқда. Шу сабабдан ҳам, динимизда йўл, кўприк қуриш каби ишлар фазилатли амал эканлиги, савоби улуғ эканлиги таъкидланади.
Оғир иқлим шароитида фидокорона меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга Аллоҳ таолонинг мадади ва раҳмати бўлсин. Юртимиз бундан-да обод ва фаровон бўлишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло насиб айласин!
ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилоят бош имом хатиби