Ўзбекистон янгиликлари

Қашқадарёда ақида илми мактаби фаолиятини бошлади

Жорий йилнинг 10 ноябрь, муборак жума куни Қашқадарё вилоятидаги “Ақида” илми мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов, вакиллик етакчи мутахассиси Муҳаммади Қораев, Қарши шаҳар бош имом-хатиби Аҳмаджон Бойқобилов ва ақида мактабида ўқийдиган тингловчилар ҳамда вакиллик масъул ходимлари иштирок этишди. 

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов Муҳтарам Президентимиз томонларидан ўтган муборак Рамазон ойида диний соҳа ходимлари анжуманида юртимизда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илми мактабларини ташкил этиш ҳамда ушбу мактабларда имом-хатибларнинг махсус фанлар бўйича билимларини мунтазам ошириш масаласи қўйилганлигини маълум қилиб, Қашқадарё вилоятида “Абу Муъин ан-Насафий” ҳазратларининг асарлари юртимиздаги Ҳанафий мазҳабига оид ақоид китоблари асосида ақида илми мактаби очилганлигини маълум қилди. 

Шунингдек, мазкур ақида илми мактабига тингловчилар қабул қилиниб, кучли билим ва тафаккурга эга бўлган уламоларни етиштирилиши лозимлигини, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши режалаштирилган. 

Бундан ташқари, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмай, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилишини ҳамда мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилишини ҳам таъкидлаб ўтди. 

Тадбир сўнгида ақида илми мактабининг устоз ва тингловчилари ҳаққига ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги барча хайрли ва эзгу ишларида Аллоҳ мададкор бўлишини сўраб дуойи хайрлар қилинди. 

Раҳматилло УСМОНОВ,

Read 5544 times

Янгиликлар

Top