Ўзбекистон янгиликлари

Умрачиларимиз Рамазонни Мадинада қарши олдилар

Шу йил 10 март куни “Умра – 2024” Рамазон мавсумининг илк зиёратчилари Мадинаи мунавварага етиб борди.

Даставвал 240 нафар ҳамюртимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳридаги “Grand Al-Shahba” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Улар Ўзбекистон вакиллари ва меҳмонхона масъуллари томонидан эҳтиром ила кутиб олинди. Рамазон ойи муносабати билан зиёратчиларимизга замзам суви, хурмо ва ширинликлар улашилди.

Муборак сафар давомида ҳамюртларимиз Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида эса 7 кун бўлиб, икки ҳарамда тоат-ибодат билан машғул бўлиш билан бирга муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилишади.

Мавсум давомида тажрибали ишчи гуруҳи ва имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари (элликбоши) ҳамда малакали шифокорлар ҳамюртларимизга хизмат кўрсатади.

Аллоҳ таоло умрага отланганларнинг сафарларини муборак ва хайрли қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 827 times

Янгиликлар

Top