Хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридaги “Оқ уй” жоме масжидига ташриф буюриб, жума намозини жамоат билан адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари “Кичикларимизга раҳм қилмаган биздан эмас!” мавзусида манфаатли мавъиза қилиб, Аллоҳ таоло махлуқотларни жамиятда меҳр-мурувватга муҳтож қатлам вакилларига раҳм шафқат кўрсатишга мойил қилиб яратганлигини оят-ҳадислар ва ҳаётий ҳикоялар билан ёритиб бердилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай бағри тош кимсаларни “Биздан эмас” яъни “Бизнинг йўлимизда эмас”, “Бизнинг миллатимизда эмас”, “Бизнинг ҳидоятимизда эмас” деб марҳамат қилдилар.
Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда эса, қуйидагича келтирилади: “Бир куни бир қанча аъробийлар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар ва “Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми?” деб сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ҳа” дедилар. Улар эса, “Лекин, биз Аллоҳга қасамки, болаларимизни ўпмаймиз” дейишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло сизларнинг қалбларингиздан раҳм-шафқатни суғурган бўлса, мен нимага ҳам қодир бўла олардим?!” деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари суҳбат давомида Рамазон ойи ўзгача шукуҳ билан ўтаётганини таъкидлашлари баробарида, бугунги кун ёшларига ўзларининг бебаҳо насиҳатларини бердилар.
Маъруза сўнгида Аллоҳ таолодан юртимиз тинч бўлиши, халқимиз янада фаровон бўлиб, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлиши ҳамда она диёримизни Парвардигорнинг Ўзи турли офат-балолардан омонда сақлашини сўраб дуойи хайр қилдилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати