Ўзбекистон янгиликлари

Тасаввуф мактаби иш бошлади

Бугун Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди.

Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган кубравия яссавия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Тасаввуф мактабида қуйидагилар ўқитилади.

Дарсларда тасаввуф шайхлари, хусусан, нақшбандия шайхларининг ҳаёт йўллари, турмуш тарзи ҳақидаги китоблар ўқитилади.

Тариқат пирлари насиҳат сифатида айтган ҳикматли сўзлар шарҳланади. Руҳий тарбияга оид китоблар ўқитилади.

Тингловчиларга мунтазам равишда араб ва форс тилидан сабоқ берилади, тарихий манбаларни ўқиш жараёнида тил қоидалари тушунтирилиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб борилади.

Замонавий тасаввуфшунослик фанида тасаввуф таълимоти борасида амалга оширилган замонавий илмий тадқиқотлар, нашрлар, замонавий тариқатчилик ҳаракатлари хусусида сўз юритилади. Ўзбекистондан етишиб чиққан тасаввуфшунос олимлар Азиз Қаюмов, Ориф Усмон, Нажмиддин Комилов, Ҳомиджон Исломий, Садриддин Салим Бухорий, Абдуғафур Раззоқ Бухорий, Б.Бобожонов, Э.Каримов; Россиялик олимлар О.Акимушкин, Е.Бертельс, Н. Семёнов, А.Хисматуллин; Наждат Тусун, Маҳмуд Асъад Жўшон, Ҳасан Комил Йилмаз; Ғарб шарқшуносларидан Ю.Пауль, Х.Алгар, Ж.Гросс, Ж.Тримингем, Анке фон Кюгелген кабиларнинг илмий тадқиқотлари ҳақида маълумотлар берилади.

Бундан ташқари тасаввуф илмий мактаби фаолиятининг истиқболдаги режалари қаторига илмий ишлар ­­– тасаввуфга оид асарлар таржимаси ҳамда уларни чоп қилиш ишларини ҳам киритиш мумкин. Буларга Гулчеҳра Наврўзова, Эркин Зоиров, Ҳалим Тўраев, Бобир Намозов, Самад Азимов ва бошқа бир қатор мутахассисларнинг араб, форс ва немис тилларидаги китобларни ўзбек ва рус тилларига таржима ва шарҳлар қилиниб нашрга тайёрланаётганини мисол қилиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили ушбу илмий мактабнинг раҳбари Мансур Нуруллаев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аьзоси, шоира, таржимон, журналист Ибодат Ражабова, Бухоро давлат бадиий меьморчилик музей қўриқхона ҳузуридаги араб ёзувидаги қўлёзмаларни ўрганиш илмий маркази мудири Ахтам Ахмедовлардан иборат таржимонлар жамоаси сифатида иш олиб бориб, бир қатор китобларнинг таржима қилиниши тасаввуф илмий мактабининг истиқболдаги режаларини кўрсатади.

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 9148 times

Янгиликлар

Top