Ўзбекистон янгиликлари

“Яшил макон” ва “Яшил белбоғ” лойиҳалари доирасидаги ишлар оммалашмоқда

Жорий йил 29 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу йил баҳорда лойиҳа доирасида ҳудудларда боғлар яратиш, йўл бўйларида 10 қатордан ниҳоллар экиш бўйича ишлар бошлангани, бу Наманган вилоятида ҳам яхши йўлга қўйилгани қайд этилди.

Фарғона водийсини электр энергияси билан таъминловчи “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” корхонасида давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббусларни рўёбга чиқариш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.  

Жумладан, станция атрофида ”яшил белбоғ” тизими ҳудудини янада кенгайтириш мақсадида маҳаллий ҳокимлик томонидан махсус ажратиб берилган 5 гектар майдонда кўчат экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу жойда бодомзор ташкил қилиниб, боғнинг атрофини акация кўчати билан ўраб чиқиш режалаштирилган. Ҳозиргача 5900 тупдан зиёд ёш ниҳол экилди ва яна 300 дан ортиқ кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Шу билан бирга, кўчатларни томчилатиб суғориш тизими ҳам бунёд этилмоқда.  

Станцияда ўтган 2023 йил баҳорги мавсумда 1 минг 300 тупдан ортиқ, кузги мавсум давомида эса яна қўшимча 2 минг 183 туп мевали ва манзарали кўчат экилди. Ниҳоллар қадалган барча майдонларда узунлиги жами 17 минг 240 метрга тенг томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди.

“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида Учқўрғон туманида ҳам баҳорги мавсум кўчат экишга киришилди. Туман сектор раҳбарлари ва фаоллар иштирокида Улуғбек номидаги маҳалла ҳудудида манзарали кўчатлар ўтқазилди.

Жорий йил баҳорида туманда жами 902 минг дона манзарали, мевали ва бошқа турдаги дарахт, 700 минг терак қаламчаси ва 110 минг туп атиргул кўчати экиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган. Қолаверса, кўп қаватли уйлар атрофи, хиёбонлар, сайилгоҳлар ва бошқа манзилларга мавсумий гуллар, райҳон ва бошқа турдаги маҳаллий кўчатлар ўтқазилади.

Экилган кўчатларни парваришлаш ишлари, яъни суғориш, таг қисмини чопиқ қилиш, минерал ва органик озуқалар билан озиқлантириш ҳамда зараркунандаларга қарши ишлов беришга тегишли мутахассислар томонидан алоҳида аҳамият қаратилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири

Read 748 times

Янгиликлар

Top