Ўзбекистон янгиликлари

Фарғонада Ислом ҳуқуқи мактаби фаолият бошлади

Фиқҳ – Ислом ҳуқуқшунослигининг асосий пойдевори бўлиб, юртимиздан бу соҳада кўплаб уламолар етишиб чиққан. Бурҳониддин Марғилоний ҳазратлари эса фақиҳлар устози бўлган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида динда фақиҳ бўлишни ниҳоятда юқори баҳолаганлар.

Муовия розияллоҳу анҳудан келган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деганлар. 

Жорий йилнинг 15 июнь куни ўтказилган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида анжуманда юртбошимиз Шавкат Мирзиёев:

“Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади. Куни кеча Имом Бухорий бобомиз ёдгорлик мажмуасида бўлганимда бу масаланинг нақадар муҳим ва долзарб эканини айниқса чуқур ҳис этдим”, – дея таъкидлаган эди.

13 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги қошида Ислом ҳуқуқи мактабининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда вилоят бош имом-хатиби Т.Эрбўтаев, вакил ўринбосари А.Наимов, шаҳар туман бош имом-хатиблари, мазкур мактабда дарсларни олиб борувчи устозлар ва Ислом ҳуқуқи мактабида таълим оладиган тингловчилар иштирок этди.

Янги иш бошлаган мазкур ислом ҳуқуқи мактабида тингловчилар учун барча шароитлар яратилган вилоятимиздаги имом-хатиблар, ноиб-имомларга Бурҳониддин Марғиноний ҳамда Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий асарлари чуқур ўргатилиши, қолаверса, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳам режалаштирилган. 

Бундан ташқари, таълим замонавий модуль шаклида олиб борилишини ҳамда мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлагани тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилиши ҳам таъкидланди. 

Тадбир сўнгида ақида илми мактабининг устоз ва тингловчилари ҳақига ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги барча хайрли ва эзгу ишларида Аллоҳ мададкор бўлишини сўраб дуойи хайрлар қилинди. 

 

ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати

 

Read 6306 times

Янгиликлар

Top