Ўзбекистон янгиликлари

ЗИЁРАТ ҲАМ ИБОДАТДИР

Юртимизда зиёрат туризмига давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида турли ташкилотларнинг ходимлари табаррук қадамжоларни зиёрат қилиши анъана тусига кирди.
Тошкент вилояти Адлия бошқармаси ҳамда Чиноз тумани Адлия бўлими мутасаддилари ташаббуси билан бир гуруҳ ёшлар бугун Зангиота зиёратгоҳига келишди.
Чоршанба қабул куни муносабати билан зиёратчиларни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов илиқ кутиб олиб, уларга зиёрат одоблари, она-онага ҳурмат-эҳтиром, Ватанга садоқат, юртга муҳаббат мавзусида суҳбат қилиб берди.
Ҳақиқатан, Исломда зиёрат ибодат экани таъкидланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрларини зиёрат қилдилар ва йиғладилар. Ҳатто атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар».
Бурайда розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Ёшлар Зангиота ҳамда Анбар она мақбараларини зиёрат қилишди. Улуғларимиз ҳақларига Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди.
Дарқове, ёшларнинг табаррук қадамжоларни, муаззам обидаларни зиёрат қилишлари улар ўртасида буюк аждодларимизга эҳтиром, улар қолдирган бебаҳо маънавий меросни ўрганишга қизиқишни янада орттиради.
Жасурбек домла зиёратчиларга диний-маърифий мавзуларда китобларни ҳадя қилди.
Ёшлар зиёратдан бир олам таассуротлар билан қайтиб кетишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матубот хизмати

Read 640 times

Янгиликлар

Top