Ўзбекистон янгиликлари

Эртага Андижонда диний соҳа ходимларининг анжумани бўлиб ўтади

Эртага, 15 ноябрь куни Андижон шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида диний соҳа ходимларининг Республика анжумани бўлиб ўтади. Айни пайтда тадбир ташкилотчилари томонидан анжуманга пухта тайёргарлик ишлари вилоятда жадал давом эттирилмоқда.

Ушбу анжуманни ўтказишдан асосий мақсад, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашда диний соҳа ходимлари вазифаларини белгилаш, ислом дунёсининг қўлга киритаётган сўнгги ютуқлари, ер юзининг турли бурчакларида рўй бераётган беқарор вазиятларнинг асл моҳияти ва мудҳиш оқибатларини муҳокама этиш, ақидапараст оқимлар томонидан фитна чиқариш, ислом таълимотини бузиб талқин қилиш каби оқибати оғир бўлган хатти-ҳаракатларни фош этиш ҳамда аҳиллик ва бағрикенгликка ундовчи ғояларни жамиятда кенг ёйишдан иборатдир.

Ҳар бир диний ходим мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимиз онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига тушунтириб бориши, Ватан келажаги учун юракдан қайғуриши, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган иллатлардан халқимизни астойдил ҳимоя қилиши борасида жонбозлик кўрсатиш борасида анжуманда сўз юритилиши белгиланган.

Бу йилги анжуман олдингиларидан фарқли улароқ қўшни давлатлар Қирғизистон Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максатбек Токтамушев ва Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Бош имом-хатиби Каримбек Аҳмаджон раҳбарликларидаги диний уламолар иштирок этади. Ушбу уламолар билан ҳамкорлик ришталаримизни янги поғонага кўтариш масалалари келишиб олинади.

Бизни кузатишда давом этинг, анжуман иши тўғрисидаги хабарлар, интервьюлар, суҳбатлар, фото ва видеолавҳаларни ўз вақтида диний идоранинг muslim.uz сайти, телеграм, инстаграм ва фейсбукдаги @muslimuzportal ва ютубдаги канал орқали намойиш этиб борилади. 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 4996 times

Янгиликлар

Top