Ўзбекистон янгиликлари

Бугун ерга қадалаётган ниҳоллар, кўчатлар кун келиб азим дарахтларга айланади. Ўшанда серсоя дарахтлар остида ўтириб, ширин-ширин меваларни еб роҳатлаган киши, албатта, дарахт эккан кишиларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилади.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдулвосид Хомитжонов Олмазор туманидаги "Искандархўжа" жоме масжидига ташриф буюриб, туманда фаолият юритаётган имом-хатиблар билан бирга "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экдилар, гулу райҳонларни ерга қададилар.
Тадқиқотларга кўра, бир кунда бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондириш учун 22 туп дарахт керак бўлади. Демак, шундан келиб чиқиб кўпроқ кўчат экишимиз керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Яна бир муҳим масала. Биз кўчат экишга қанчалик ҳарис бўлсак, экилган ниҳолларни парвариш қилишни унутмаслигимиз керак.
Бу хайрли ишга барчамиз ҳисса қўшсак, пойтахтимиз боғу бўстонга айланади, иншоаллоҳ.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

 

Read 652 times

Янгиликлар

Top