Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистони билан кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди.

Саудия Арабистони ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва кенг кўламли шерикликни олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда турли даражаларда фаол мулоқотлар ва делегацияларнинг ўзаро ташрифлари давом этмоқда. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошиб бормоқда.

“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланган.

Бўлажак тадбирлар, шу жумладан 2025 йилда ўтказиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.

 

ЎзА

Read 760 times

Янгиликлар

Top