Ўзбекистон янгиликлари

 “Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” вакиллари йиғилишида қандай масалалар кўтарилди?

  “Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будавий “Дунё” ахборот агентлигига берган эксклюзив интервюсида ушбу ривожланиш йўналиши икки минтақа учун муҳимлигини таъкидлади:

  “Биз Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилишини интиқлик билан кутмоқдамиз”. Ушбу учрашувдан кўзланган асосий мақсад келгуси йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ушбу масаладаги иккинчи саммитга тайёргарлик кўришдан иборат. Яъни, бу учрашув яна бир муваффақиятли саммитга асос бўлади. Иккинчи муҳим сабаб, Форс кўрфази араб давлатлари бир томондан Ўзбекистон билан, иккинчи томондан, умуман Марказий Осиё давлатлари билан яхши муносабатларга эга.

Aлбатта, биз Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 2023 йил июль ойида Жидда шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саммитида илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқамиз ва амалга оширамиз.

Aйтиш жоизки, ҳозирги босқичда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган томонлар ўртасидаги муносабатларни турли жабҳаларда ривожлантириш тўғрисидаги битим ишлаб чиқилиши муҳим ташаббуслардан биридир. Ушбу таклиф ҳозирда Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари томонидан кўриб чиқилмоқда ва биз уни амалга оширишни интиқлик билан кутмоқдамиз.

Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган кўплаб соҳалар мавжуд – булар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, “рақамли” иқтисодиёт, сунъий интеллект, иқтисодий йўлакларни яратишдир. Бундан ташқари, биз бир қатор муҳим ғоялар устида ишламоқдамиз. Кўрфаздаги араб давлатлари ва Марказий Осиё давлатлари дунёнинг келажаги эканлигига чин дилдан ишонамиз.

Ўзбекистон Форс кўрфази давлатлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатганини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Кўрфаз давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари сони бунинг ёрқин далилидир. Икки томонлама ташрифлар ва турли халқаро тадбирларда юқори даражада иштирок этиш, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар, ташқи ишлар вазирларининг самарали ташрифлари динамикаси ҳам юқори.

 Ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ҳамкорлари орасида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Ўзбекистон билан Саудия Aрабистони, Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли режаларини алоҳида таъкидлаш жоиз.   Ўмон султонлиги, Баҳрайн ва Қувайт билан ҳамкорлик кенгаяди, деган умиддамиз. Aраб давлатлари Ўзбекистоннинг мавқеи, стандартлари, минтақа ва ундан ташқаридаги ўрни ва аҳамиятини яхши билади. Шу боис Ўзбекистон билан муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 709 times

Янгиликлар

Top