Ўзбекистон янгиликлари

Олий маъҳаднинг яна бир устозига доцент унвони берилди

Тошкент ислом институти Кенгаши тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация комиссияси институт ўқитувчиларига доцент илмий унвони бериш йўлга қўйилди.

Институт Кенгаши тавсиясига биноан доцент илмий унвони олган иккинчи ўқитувчи, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Примов Соатмурот Уралович бўлди.

Шу муносабат билан профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар иштирокида тадбир ўтказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, институт ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов юртимизда олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, масжидлар ва диний таълим муассасалари ташкил этилаётгани, магистратура ва докторантура босқичлари очилиши, имом-хатиб ва устозларнинг диссертация ҳимоялари жадаллашгани борасида сўз юритиб, институт ўқитувчи ва илмий ходимларини илмий-тадқиқот йўналишидаги фаолиятлари бўйича тавсиялар берди. Илмий даража олиб, унвонли ўқитувчилар сафи кенгайишининг самаралари ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг профессор Муҳаммадолим домла  “24.00.03 – Фиқҳ, калом илми. Илоҳиёт” ихтисослиги бўйича доцент илмий унвони гувоҳномасини Соатмурот домла Примовга топширди.

Примов Соатмурот Уралович 2003 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бакалавриат, 2008 йили Тошкент ислом университети магистратура босқичини томомлаган. Тошкент ислом институтида қарийб 20 йилдан буён фаолият юритиб, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедрасида ўқитувчи, кафедра мудири бўлиб, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор лавозимида меҳнат қилмоқда.

С.Примов 2021 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий Кенгашда “Абу Шакур Кеший “Тамҳид” асарининг мотуридия таълимоти ривожида тутган ўрни” мавзусида Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилди.

Маълумот ўрнида, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Кенгашида тақдимномасига биноан институт тарихида илк бор “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Иргаш Даминовга доцент унвони берилган эди.

Тадбир сўнгида Ҳақ таолодан Соатмурот домла Примовга келажакдаги илмий фаолиятига улкан зафарлар ва Тошкент ислом институтининг илмий салоҳияти янада ривожланишини сўраб дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 640 times

Янгиликлар

Top