Ўзбекистон янгиликлари

Шу йил 20 апрель куни Саудия Арабистони пойтахтида Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академиясининг 23-давра йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгаш аъзолигига қабул қилинганлари эълон қилинди.

 

Исломий фиқҳ академияси Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини ушбу нуфузли академия аъзолигига қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Унда иштирок этаётган дунёнинг етакчи уламолари Муфтий ҳазратларини ушбу мартаба билан қутлаб, Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юқори баҳоладилар.

 

Шу ўринда айтиш ўринлики, охирги йилларда Диний идоранинг мусулмон дунёси билан алоқалари ривожланиб, турли йўналишларда муносабатлар йўлга қўйилди. Айниқса, халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик ўрнатилди, турли давлатлар диний идоралари билан меморандумлар имзоланди, хориждаги илмий конференциялар, Қуръон мусобақалари ва кўргазмаларда вакилларимиз фаол иштирок этмоқда.

 

Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолари кенгаши ва Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

 

Шунингдек, долзарб мавзудаги чиқишлари Миср Араб Республикаси, Қатар, Россия ва МДҲдаги бир қатор давлатларнинг минглаб кузатувчиларга эга бўлган сайт ва ижтимоий тармоқлар, газета-журналларда араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилди.

 

Ўзбекистон вакилининг мазкур кенгашга қабул қилингани юртимизда давлатимиз Раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи бўлди.

 

Муфтий ҳазратлари ўз навбатида ташкилот раҳбарияти ва аъзо уламоларга билдирилган ишонч учун самимий ташаккур айтдилар. Шунингдек, муштарак мақсадлар бўлмиш Ислом дини, мусулмон умматига хизмат қилиш, Ислом фиқҳининг эътироф этилган манбаларидан бутун дунё мусулмонлари дуч келаётган замонавий муаммоларга ечим топиш, мусулмонлар олдида турган масалаларни ҳал қилишда муносиб иштирок этиш, Ислом фиқҳий меросини тарғиб қилиш ва бу соҳадаги илмий тадқиқотларни рағбатлантириш борасида бор билим-тажриба ҳамда имкониятларини сафарбар этишларини маълум қилдилар.

Шу билан бирга, нуфузли Кенгашга аъзолик шараф бўлиш билан бирга катта масъулият эканини сўзладилар.

 

Алоҳида қайд этиш жоизки, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ушбу илмий ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами ила 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги фидокорона меҳнатлари самарасидир.

 

Аллоҳ таолодан Муфтий ҳазратларига Исломий фиқҳ академиясидаги фаолиятларида улкан зафарлар тилаймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 834 times

Янгиликлар

Top