Ўзбекистон янгиликлари

Китоб – яқин дўст, беминнат маслаҳатчи

Кеча Тошкент ислом институтининг Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.

Кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассислари, институт жамоаси ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти устоз ва талабалари иштирок этди.

“Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказида чоп этилган китоб-журналлар ўзининг ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб турди. Нашриёт-матбаа марказининг “Ёшлар матбуоти” савдо тармоғи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 350 номдаги 1550 дона “Ёшлар кутубхонаси”, “Заковат дурдоналари”, “Саломатлик”, “Мактабдан ташқари ўқиш” рукнларидаги адабиётларни, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, инглиз, немис, рус ва корес тилларидаги луғат ва бадиий китоблар, оила психологияси, тарих, ҳуқуқшуносликка оид китоблар, шеърий тўпламлар, халқ табобатига оид китоблар ҳамда синфдош журналларини тақдим қилдилар.

Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дуёнқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда шароит яратмоқда.  

Камолиддин МАҲКАМОВ,

Тошкент ислом институти АРМ мудири

 

Read 4606 times

Янгиликлар

Top