Ўзбекистон янгиликлари

Ҳазрати Усмон мусҳафи таъмирланиш арафасида

Ҳазрати Усмон мусҳафи Қуръони каримнинг бугунги кунгача сақланиб қолган энг қадимий қўлёзмаси ҳисобланади. VII асрда ҳижоз хатида ёзилган бўлиб, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей кутубхонасида сақланади. 1997-йилда ЮНEСКО уни “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритган.

Ўзбекистон Президенти топшириғига биноан мазкур муқаддас китобни консервация ва реставрация қилиш режалаштирилган. Лойиҳада хорижлик мутахассислар, жумладан, Кембриж университетидан Кристине Росе, франциялик реставраторлар Ахелле Делеау ва Cоралие Барбе, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар иштирок этмоқда. Улар ҳар бир саҳифани синчиклаб кўздан кечириб, босқичма-босқич таъмирлаш режасини ишлаб чиқади ҳамда келгусида муҳофаза қилиш бўйича тавсияларни берадилар.

Шунингдек, мазкур жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мутахассислари Камолиддин Маҳкамов ва Саидраҳмат Икромов ҳамда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона реставрация ва консервация бўлими мутахассиси Шуҳрат Пўлатов ҳам бевосита қатнашмоқдалар.

Консервация ва реставрация ишлари Ҳазрати Усмон мусҳафини келажак авлодлар учун асраб-авайлашга хизмат қилади.

Ушбу эзгу амал Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси қўллаб-қувватлови ва назорати остида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 845 times

Янгиликлар

Top