Ўзбекистон янгиликлари

МАСЪУЛИЯТ ОСТОНАСИ ВА ДИН ХИЗМАТИДАГИ  УЛАМО ЭҲТИРОМИ

Бугун, 21 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаларининг 50-битирув хатмонаси ва Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Файзли маросимда диний соҳа раҳбарлари, таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар, фахрийлар, имом-хатиблар, талаба-ёшлар, отинойилар, ота-оналар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаш баробарида битирувчи талабаларни аҳли илм бўлганлари ва Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини табаррук ёшлари билан муборакбод этиб, эзгу тилакларини билдирдилар.

Муфтий ҳазратлари ўз сўзида кейинги йилларда диний-маърифий соҳада улкан янгиликлар қилинаётгани, айниқса, диний таълимни янги босқичга олиб чиқиш бўйича кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани, хусусан, Тошкент ислом институтида ўқув дастурлари тубдан янгилангани, Араб тили бўйича халқаро сертификат бериш жорий этилгани, “Саҳиҳул Бухорий”, “Сунани Термизий” каби мўътабар китобларни хатм қилиш йўлга қўйилгани, таълим муассасаларидаги Қуръони карим ва тажвид курсларида ҳар йили 10 мингдан зиёд фуқаро таълим олаётганини қайд этдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов сўзга чиқиб, Юртбошимиз бошчилигида мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани сингари диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу каби хайрли ишларни халқаро ҳамжамият ҳам алоҳида эътироф этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга Тошкент ислом институти нуфузи нафақат минтақамизда, балки Ислом оламида машҳур экани, ушбу даргоҳни битирган талабалар масъулиятли ва шарафли вазифаларда динимиз равнақи, Ватанимиз ривожига ҳисса қўшишлари лозимлигини қайд этиб, битирувчиларга эзгу тилакларини йўллади. Шунингдек, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини узоқ йиллик самарали фаолияти тўғрисида сўз юритиб, 80 йиллик таваллуд айёмлари билан қутлади.

Маросимда сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳам битирувчи талабалар ва Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини самимий табриклаб, мазкур таълим муассасаси фаолиятига оид сўнгги янгиликлар билан барчани таништирди.

Тадбир якунида Муфтий ҳазратлари барча битирувчи талабаларга туҳфалар улашдилар. Шунингдек, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига диний соҳа мутасаддилари, уламолар ва меҳмонлар ўз ҳадяларини топширдилар.

Сўнгги сўзни Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари олиб, барча иштирокчиларга миннатдорлик билдириш баробарида эл-юртимиз равнақи, битирувчи талабаларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар сўраб хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1119 times

Янгиликлар

Top