Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига ташриф буюрди

Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Корея Республикасига борганлари ҳақида хабар берилди. 

Давлатимиз раҳбари шарафига Сеул шаҳри аэропортида икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортган. Давлатимиз раҳбарини Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олган. 

Ушбу ташриф Ўзбекистон–Жанубий Корея ўртасида мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлатларимизнинг ўзаро алоқаларига доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини бермоқда. 

Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.

Ташриф доирасида Давлатимиз раҳбари Корея Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн ва Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашиши, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, йирик ишбилармонлар иштирокидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этиши кўзда тутилган. 

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

ЎМИ матбуот хизмати

 

Read 4881 times

Янгиликлар

Top