Ўзбекистон янгиликлари

ДИНИЙ СОҲА ХОДИМЛАРИНИНГ ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ

2017 йил 22 ноябрь куни Наманган вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ. Маткаримов раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят, шаҳар, туманлардаги вакиллари, вилоятда фаолият кўрсатаётган 186 та масжид имом-хатиблари, Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, Олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва халқ таълими бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман(шаҳар) кенгашининг диний-маърифий масалалар бўйича раис ўринбосарлари иштирокида “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар: моҳият ва мақсадлар” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Ш. Исломов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Ш.Тўраевлар иштирок этди.
Йиғилишда нотиқлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Таашкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялари бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқларининг мазмун-моҳияти, жаҳон афгор оммасидаги ижтимоий-сиёсий вазиятлар, инқироз ва инқилоблар сабабидан келиб чиқаётган муаммолар, диний экстремизмнинг аянчли оқибатлари, ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг онги ва дунёқарашини “оммавий маданият” каби салбий таъсирлардан ҳимоялашнинг муҳим йўналишлари тўғрисида кенг маълумотлар берилди.


Шунингдек, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, имом-хатибларнинг ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш, ёшлар тарбияси, жиноятчилик, хуқуқбузарликларни олдини олиш борасида тутган ўрни ва вазифалари юзасидан тегишли тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.


Тадбирда 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларининг юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги

Read 4761 times

Янгиликлар

Top