Ўзбекистон янгиликлари

Талабалар Диний идора фаолияти билан танишди

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида ҳам замонавий таълим-тарбия усуллари тобора ривожланиб бормоқда, хусусан, назария билан амалиётни уйғун ҳолда олиб бориш вақт синовидан ўтган услуб саналади.

Айни мақсадда бугун, 6 июнь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг биринчи курс талабалари Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Дастлаб Диний идора раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов талаба-ёшлар билан самимий суҳбат қурди. Унда “Ҳазрати Имом” мажмуаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Зайниддин домла ўз сўзи давомида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти – АЙСЕСКО (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳри “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан "Ҳазрати Имом" мажмуаси замонавий қилиб янгидан барпо этилгани, яқинда мамлакатимизда бўлган ICESCO бош директори Салим ал-Малик Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташрифи чоғида 2025 йилда Самарқанд шаҳри Ислом маданияти пойтахти деган юксак мақомга эга бўлгани ҳақидаги хушхабарни етказди.

Шунингдек, “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган ҳикматли сўзни айтиб, талаба-ёшлар ҳаққига доимо ўқиб-ўрганишдан толмасликларини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Танишув асносида Диний идора мутахассислари томонидан талаба-ёшларга ҳар бир бўлим фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 661 times

Янгиликлар

Top