Ўзбекистон янгиликлари

ҲОЖИЛАР САЛОМАТЛИГИ  –  ИБОДАТ МУКАММАЛЛИГИ

Юртимиз зиёратчиларига ҳар йили динимизнинг бешинчи рукнини мукаммал адо этишлари учун руҳий, маънавий ва тиббий хизматлар ҳам юқори даражада ташкил этилади.

Иқлими қуруқ иссиқ бўлган муборак заминга узоқ масофадан келган ҳожилар гуруҳларига тиббий хизмат кўрсатиш ниҳоятда зарур. Чунки соғлик бўлмаса, ибодатда хотиржамлик ҳам бўлмайди. Беморлик эса муқаддас диёрда ўтаётган қимматли вақтга таъсир ўтказади. Ана шундан келиб чиқиб, зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш орқали уларнинг ҳаж амалларини чиройли ва гўзал шаклда бажаришларига кўмак берилади.

Ҳожиларнинг соғ, тетик ва бардамликлари, аввало, уларнинг ўзлари, шунингдек, тиббиёт ходимлари масъул. Шу боис ҳукуматимиз топшириғи билан 15.000 зиёратчига уларнинг соғлиқларини доимий кузатиб бориш учун 50 нафар олий тоифали шифокор ҳамроҳлик қилади. Ҳар бир авиақатновга шифокорлар ажратилади ва она Ватанга етиб келгунча ҳожиларимизнинг соғлигидан хабар олиб туради.

Тиббиёт ходимлари ҳожиларга туну кун хизматда бўлади. Ҳар куни уларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар беради. Зарурат туғилганда зиёратчининг хонасига бориб ҳам ёрдам кўрсатишади.  

Шифокорлар жамоасида кардиолог, реаниматолог, травматолог, эпидемиолог, анестезиолог, стоматолог, лор, эндокринолог, хирург, уролог ва акушер-гинеколог каби мутахассислар ҳам ўрин олган. Улар орасида 5 нафари фан доктори, булардан 3 нафари профессор ва 7 нафари фан номзоди илмий даражаларига эгадир.

Ушбу тиббиёт ходимлари Макка шаҳрида зиёратчиларимиз истиқомат қиладиган 7 та меҳмонхонада хизмат қиладилар. Шулардан учтасида аёл-эркакка ажратилган алоҳида стационар, тўрттасида тиббиёт пунктлари ташкил этилган ва 4 та тез ёрдам машинаси хизмат қилмоқда. Айрим йўналишлар бўйича алоҳида хизмат кўрсатиш хоналари ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Масалан, стоматолог хонасида тишни даволаш, пломбалаш, синган ва кўчган тишларни елимлаш, жарроҳлик амалиётини кўрсатиш, тиш олиш учун барча шароитлар ҳозирланган. Ҳатто ҳир бир жиҳоз стирелланган, яроқлилик муддати бир ойдан уч ойгача бўлган махсус қутиларда олиб келинган.

Мазкур тиббий хизмат марказларида бир вақтнинг ўзида жами 80 нафар бемор ётиб даволаниши мумкин. Шунингдек, уларда муолажа учун керакли жиҳозлар ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча имкониятлар мавжуд. Айниқса, барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун мамлакатимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳаж ибодатининг энг асосий рукнлари адо этиладиган Мино, Арафот ва Муздалифа водийларидаги чодирларда мана шундай тиббиёт марказлари хизмат кўрсатади.

Ўтган йилларда Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзбекистонлик зиёратчилар учун ташкил этилган Макка ва Мадина шаҳарларидаги тиббиёт марказлари фаолиятига юқори баҳо берган ҳамда нуфузли тадбирларда Ўзбекистон тиббиёт гуруҳи муносиб тақдирланган. Бу Ўзбекистон шифокорлари жамоаси меҳнатининг юксак эътирофидир.

Шу ўринда малакали шифокорларимизнинг ҳожилар саломатлигини сақлаш борасидаги тавсияларини тақдим этамиз:

- Ҳаж сафарига тайёргарлик даврида бактерияли ва вирусли касалликларга қарши препаратлар билан эмланиш;

- юқори жисмоний ва ҳиссий зўриқишларнинг олдини олиш мақсадида ҳаж арконлари, ибодатлар, дам олиш ва уйқу тартибини мўътадил тақсимлаш;

- қизиб ёки терлаб турганда совуқ сув ичишдан тийилиш;

- истиқомат жойларида совутгичлардан тўғри фойдаланиш, хусусан, хоналарни ҳеч ким йўқлигида совутиш, совутгич ишлатганда елвизакдан сақланиш;

- ёпиқ хоналарда кўпчилик бўлиб тўпланишдан, тик тушаётган қуёш нурининг остида кўп вақт қолмаслик, соябондан фойдаланиш;

- овқатланиш тартибига риоя қилиш, суюқ овқатлар, сутли таомлар, сабзавотлардан еб туриш;

- Ҳаждан олдин даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш, сурункали касаликлари борлар ёзиб берилган дори-дармонларни ичиб юриш;

- гинекологик касалликлари бўлган аёллар жисмоний ва руҳий зўриқишдан сақланиш ва гинеколог билан маслаҳатлашиб туриш.

- Мино ва Муздалифада ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши, ҳаво ҳаддан ташқари дим ва чанг бўлгани учун тунда ёпиниш учун кўрпа ёки чойшаб тайёрлаб қўйиш.

Ҳаж мавсуми давомидаги шифокорларнинг туну кун қилаётган меҳнатлари ҳақиқий фидойилик намунасидир. Улар зиёратчилар саломатлиги йўлида бор куч ва меҳнатларини сафарбар қилиб, чинакам қаҳрамонлик билан беморлар дардига малҳам бўладилар.

Аллоҳ таоло шифокорларнинг ўз касбларига садоқат билан қилаётган мана шундай машаққатли меҳнатларига улуғ ажру мукофотлар ато этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Read 842 times

Янгиликлар

Top