Ўзбекистон янгиликлари

Диний-маърифий ислоҳотларни тарғиб этишда диний соҳа вакиллари масъулдир

Бугун, 23 ноябрь куни Тошкент ислом университетида Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими К.Камилов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров иштирок этиб, тадбирда маъруза қилдилар. Сўзга чиққан нотиқлар давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уни тарғиб этишда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар алоҳида баён қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар ва туманлардаги вакиллари, имом-хатиблар, таълим муассасалари раҳбарлари, маънавият тарғиботчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва самарадорлигини ошириш, миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш ва улардан жамият тараққиёти, ёшлар тарбияси йўлида оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг бир қатор нуфузли халқаро анжуманларда қилган маърузалари ҳам жаҳон миқёсида кенг эътироф этилаётгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги маърузаларида жаҳолат, халқаро терроризмнинг илдизлари, дунё хамжамиятини ташвишга солаётган муаммо ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида аниқ таклифлар ўртага ташланди.
Тадбирда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимиз софлигини асрашда тутган ўрни ва ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, оммавий маданият ва зарарли ғоялар, турли хавф-хатарларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда имом-хатиблар зиммаларида жуда ҳам муҳим вазифалар мавжудлигини алоҳида қайд этиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Read 5646 times

Янгиликлар

Top