Ўзбекистон янгиликлари

Ёшлар форуми бошланди

Шу йил 27-28 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда. Унда турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

Нуфузли тадбир доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ўринбосари Тариқ Али Бахит, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғофуров янги боғни очиб, унга манзарали дарахт кўчатларини ўтқаздилар.

Тадбир Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Сўзга чиққан Зайниддин домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг форум иштирокчиларига йўллаган табрик ва қутловларини ўқиб эшиттириш баробарида хайрли тилакларини билдирдилар. 

Шунингдек, форумда юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилган эътибор, уларни ҳар томонлама етук шахс қилиб камол топишлари борасида олиб борилаётган хайрли ишлар, хусусан, диний таълим муассасаларида талаба-ёшлар ўқиб-ўрганишлари учун қилинган шарт-шароитлар тўғрисида сўз юритилди.

Тадбирда юртимиз ва хорижлик мутахассислар ўзаро тажриба алмашиш баробарида ушбу йўналишдаги янгилик ва илмий тадқиқотлардан баҳраманд бўлди.

Эртага, 28 июнь куни мазкур тадбирнинг иккинчи босқичи ўтказилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 852 times

Янгиликлар

Top