Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлди.
Олий мартабали меҳмонга бу ердаги масжид ва мақбараларнинг бунёд этилиши, мажмуада сақланаётган Усмон Мусҳафи, унинг юртимизга келтирилиш тарихи ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар, эътиқод эркинлиги, диний амалларни адо этиш учун яратилган шароитлар хусусида сўз борди.
Мамлакатимизда илм аҳлларининг бой меросини чуқур ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу ҳудудда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Ушбу маҳобати ва моҳияти жиҳатидан улкан марказнинг қурилиши, пардозлаш ишлари изчил давом этмоқда. Меҳмонларга уч қаватли мажмуа қадимий обидаларимиз шаклида барпо этилганлиги ҳақида маълумот берилди.
Бу каби эзгу ташаббуслар халқимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тарихий обидалардан ҳайратга тушганини таъкидлади. Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётганини юқори баҳолади.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 956 times

Янгиликлар

Top