Ўзбекистон янгиликлари

Тўйлар тўйга улашди

Муборак мавлид ойи ҳамда “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Самарқанд вилояти бўйлаб қатор хайрия ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, вилоят имом-хатиблари ва саховатпеша инсонлар биргаликда жойларда мурувват ишларини ўтказишга бел боғлагаб қуйидаги ишларни амалга оширдилар:

Кеча эрта тонгдан Самарқанд шаҳар “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидининг доимий қавми Абдуқодир ҳожи бобо ўз невараларининг тўйига қўшиб меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан 6 нафарини хатна қилиб берди.

Болажонларга бош-оёқ сарпо ва ҳар бирига қимматбаҳо совғалар берилиб, қалблари хушнуд этилди. Совғаларни тўйболаларга имом домлалар улашдилар.

Тўйда меҳрибонлик уйининг барча тарбияланувчилари меҳмон бўлдилар.

Абдуқодир отанинг ушбу хайрли иши ҳар биримиз учун ибратдир. Зеро, ҳадиси шарифда Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”,  деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).


 Ижтимоий ҳимоя – улуғ инсоний фазилат

“3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан вилоятдаги моддий имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” уйларида истиқомат қилаётганлар, махсус мактаб-интернатларда тарбияланаётганлар ҳолидан хабар олиш ишлари йўлга қўйилди.

Кеча вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов, бош имом-хатиб ўринбосари Ё.Мансуров, “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди имом-хатиби З.Маҳмудовлар ҳомийларни жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожиз болаларга ихтисослаштирилган таълим муассасасига ташриф буюрдилар.

Учрашувда вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов таълим муассасаси тарбияланувчиларига қатъиятли ва тиришқоқ бўлиш, мақсадни аниқ қўйиб олиб ўшанга қараб комил ишонч билан ҳаракат қилиш зарурлиги ва ахлоқий масалаларда қисқагина амри маъруф қилиб берди. 

Тадбир сўнггида 180 нафар ўқувчига қишки иссиқ оёқ кийимлар улашилди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги 

Read 5064 times

Янгиликлар

Top