Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази билан меморандум имзоланди

Кеча, 3 декабрь куни Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази раҳбари доктор Фархан Низами бошчилигидаги делегация диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази директори Шоазим Миноваров кутиб олдилар.

 


Мулоқотда мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларни тиклашга катта эътибор қаратилаётгани ҳамда бу борада олиб борилаётган улкан хайрли ишлар тўғрисида меҳмонларга сўзлаб берилди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилаётгани, ихтисослашган илмий мактаблар ўз фаолиятини бошлагани ва ушбу марказларнинг истиқболдаги лойиҳалари баён қилинди. Шунингдек, ушбу марказлар ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини бутун дунёга таратишда беқиёс аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Қизғин кечган учрашувда томонлар бир-бирлари билан юртимизда диний соҳада юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида фикр алмашдилар. Фархан Низомий 20 йил аввал Ўзбекистонга ташриф буюргани, шу кунга қадар бўлаётган ижобий жараёнларни катта қизиқиш ва иштиёқ билан кузатиб келаётганини билдирди.


Ташриф давомида “Ҳазрати Имом” мажмуасининг барпо этилиши тарихи, мажмуанинг Тошкентда яшаб ўтган улуғ аллома, фақиҳ Абу Бакр Қаффол Шоший номи билан боғлиқ экани, Республикада ислом динининг асл тинчлик ва маърифатпарварлик ғоясини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг меҳмоналар Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил ибн Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилдилар.


Учрашув сўнгида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Тошкент ислом университети ва Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази ўртасида ҳамкорлик қилиш меморандуми имзоланди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 4832 times

Янгиликлар

Top