Ўзбекистон янгиликлари

Талаба ёшлар билан учрашув

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талаба ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоялаш ҳамда диний билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Диний экстремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари” мавзусида учрашув ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмонов ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбирда бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган каттадан-катта ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва диний соҳада амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тинчликка рахна солувчи ёт ғояларни илгари сураётган террорчи ташкилотларнинг фаолиятларии ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Маълумки, ислом дини ҳамиша инсонларни покликка, эзгуликка, яхшилик қилишга чақиради. Зулм‑зўрлик, тажовузкорлик, бузғунчилик каби салбий иллатлар ислом динига мутлақо ёт бўлган тушунчалардир.  Аммо, афсуски, ислом динидан, умуман, диндан баъзи инсонлар маънавий такомилида эмас, балки ўз манфаатлари, мақсадлари йўлида фойдаланаётганлиги ачинарли ҳолдир. Энг ёмони,  янгича кўринишдаги дин ниқоби остида юзага келаётган турли гуруҳ ва ташкилотлар томонидан кўплаб хунрезликларнинг амалга оширилиши ҳамда бу муаммо дунё миқёсида сиёсий кўриниш тусини олаётганлиги тинч давлатларни ташвишлантирмай қолмаяпти. Бу ўринда, инсонларни маънавий етукликка бошловчи ислом динининг эзгу ғоялари манфур кимсаларнинг қуролига айланаётганлигини кўриш мумкин. Шундай экан, онгу тафаккури ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларни бундай зарарли, бузғунчи ғоялардан фақатгина маърифат орқалигина ҳимоялашимиз лозим. Бу борада, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “… муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”, деб бежиз таъкидламаган эди. Тадбир давомида ана шу масалалар борасида талаба ёшларга атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4895 times

Янгиликлар

Top