Ўзбекистон янгиликлари

Янги масжид иш бошлади

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги масжидлар сони яна биттага кўпайгани ҳақида олдинроқ хабар берган эдик. Мазкур хабарда  тумандаги “Толли ота” жоме масжиди Сурхондарё вилояти Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтказилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мазкур масжид иш бошлаши тўғрисида маълумот берилган эди.

Ўтган жума, 8 декабрь куни эса айнан шу  “Толли ота” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мўъжазгина жоме Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик тўйига муносиб тўёна бўлди. Шу муносабат  билан масжидда шукрона дастурхони ёзилди. Ушбу тадбирда диний идора масжидлар бўлими масъул ходими Исҳоқжон домла Бегматов, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфиддинов, вилоятдаги мутасаддилар ва кўплаб намозхонлар иштирок этишди.

 

Тадбир байрамона кайфиятда ўтди. Унда Исҳоқжон домла Бегматов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини қўшалоқ  хурсандчиликлар, яъни Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллик тўйи ва “Толли ота” жоме масжиди очилиши билан табриклаб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг масжид қавмига салом ва табрикларини етказди.

 

Шундан сўнг барча жума намозини ўқиш учун масжид хонақосига таклиф этилди. Жума намозидан кейин дуога қўл очилиб, мана шундай буюк неъматлар ила юртимизни, халқимизни сийлаётган Яратган Парвардигорга ҳамду сано айтилиб, юртимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар асосчиси бўлмиш Давлатимиз раҳбари, уларнинг ёнларида диний соҳада суянчиқ ва кўмакчи бўлиб турган муфтий ҳазратлари, меҳнаткаш халқимиз ва мўмин-мусулмонларимиз ҳақига дуолар қилинди.

Яна бир бор янги масжид муборак бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 5461 times

Янгиликлар

Top