Ўзбекистон янгиликлари

Бош отинойилар йиғилиши бўлиб ўтди

Ўтган ҳафта Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари бош имом-хатибларининг аёл-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда 20 ноябрь куни Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда аёл-қизлар ўртасида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш, вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш, ахлоқсизлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажрим, ОИТС каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан жойларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларини, тушунтириш ишларини янада ривожлантириш лозимлиги, «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалланинг жиноятчиликдан холи бўлиши, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг муҳим шартлари муҳокама қилинди, отинойиларга тегишли кўрсатмалар берилди ва вазифалар юкланди.

Шунингдек, Мавлид ойи муносабати билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида суҳбат ташкил этилиб, қизиқарли савол- жавоблардан иборат викторина ўтказилди. Викторинада фаол иштирок этган отинойиларга эсдалик учун илм зиёси бўлган китоблар совға қилинди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3392 times

Янгиликлар

Top