Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада Уламолар Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Мажлисда ўтаётган йил давомида диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ишлар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва жараёндаги вазифалар чуқур таҳлил этилиб, уламолар ва имом-хатиблар олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маърузаларида Давлатимиз раҳбарининг диний-маърифий саводхонликни ошириш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, динимизни ҳимоя қилиш йўлидаги ташаббуслари мўмин-мусулмон халқимизни жуда ҳам хурсанд қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, якунига етаётган йил мўмин-мусулмонлар учун жуда ҳам қувонарли бўлгани, жумладан, янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар ташкил этилгани, диний таълим муассасаларига талабаларнинг қабул квотаси оширилгани, олий маъҳадда сиртқи бўлим очилгани, ҳаж ва умра зиёратчилари сони кўпайтирилгани, онлайн дарслар олиб борилаётгани ва бошқа муҳим ишлар ҳақида маълумотларни йиғилганларга тақдим этдилар.

Жумладан,

  • Марказий Осиёда ягона Ислом цивилизацияси маркази ва 2 та халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Шунингдек, вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаб иш бошлади;
  • мамлакатимиз бўйича 15 та масжид янгитдан барпо этилди, 55 та масжид капитал таъмирланди.
  • ҳаж квотаси икки мингтага, умра квотаси 4 мингтага ошди, биринчи марта Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳи бепул ҳажга юборилди.
  • мамлакатимиз миқёсида кўп босқичли Қуръон мусобақалари ўтказишга қарор қилинди ва айни кунларда тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Ушбу мусобақада диёримиздаги барча ҳофизи каломуллоҳлар иштирок этиши унинг даражасини янада оширади;

- диний идора, масжидлар ва ҳомийларни жалб этган ҳолда 4 миллиард 300 миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди;

  • интернет сайтимизда 7 та диний фандан онлайн дарс ташкил этилди, тўғридан-тўғри саволлар-жавоблар рукни мунтазам ишлаб турибди, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда доимий тарғибот ишлари олиб борилмоқда;
  • 90 га яқин номдаги диний адабиётлар 670 минг ададда чоп этилди.
  • Айни кунларда Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриёти ва Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия билан Қуръони каримни чоп этиш бўйича келишувга эришилиб, ўзимизнинг нашриётларимизда Қуръони каримни чоп этиш йўлида ишлар олиб борилмоқда.

Яна бир катта хурсандчилик куни кеча Президентимиз “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Қарорга кўра, Ислом академияси ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолият юритади. Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланиши юртимизда яқин келажакда дунё эътироф этадиган кучли исломшунос академик ва олимлар етишиб чиқишини катта қувонч билан маълум қилдилар.

Муфтий ҳазратлари маърузалари давомида мана шундай кенг имконият ва қулайликлар учун Ҳақ таолога шукрона келтириш ва бундай кунларнинг қадрига етишни таъкидлаб, Қуръони азиймуш-шаъндаги: “Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл, 19), оятини келтирдилар.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳозирги давр жуда тез ривожланаётгани, эскича ишлашни замон кўтармаслиги, ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлаб, диний соҳа ходимларини давлатимиз ва мўмин-мусулмонларимиз томонидан берилган ишончни оқлашга чақирдилар. Шу нуқтаи назардан имом-хатибларга тавсиялар, топшириқлар ва кўрсатмалар бердилар.

Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, уламолар ва имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар, диний соҳа ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мажлисда сўз олиб, халқимиз ва ишлаб чиқарувчилар томонидан  ҳалол озиқ-овқат масаласида жуда кўп мурожаатлар бўлаётганини инобатга олиб, “Ҳалол сертификат” йўриқномаси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу ишлар билан мунтазам шуғулланадиган уламолар ҳайъати тузилганини маълум қилди. Ушбу масала бир пайтнинг ўзида мамлакатимизда сер даромад соҳа бўлган зиёрат туризмининг жадал ривожланиши, хусусан хорижлик сайёҳларнинг республикамизга кенг жалб қилиш йўлидаги муҳим ишлардан эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. 

Йиғилишда филология фанлари доктори, академик Неъматулла Иброҳимов сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуслари билан диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар биримизнинг қалбимиздаги орзу истакларимиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу айни пайтда ҳар бир диний ходимга ўз вазифасига нисбатан янгича муносабтда бўлиш зарурлигидан далолатдир деди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров йиғилишда сўзга чиқиб, эндиликда диний соҳа ходимларидан ҳам фан докторлари, профессорлар ва академиклар чиқиши жуда катта воқеа эканини таъкидлади. Ш.Миноваров сўзида давом этиб, бир неча кун аввал ҳукумат топшириғи билан Покистон давлатида хизмат сафарида бўлиб қайтгани, у ердаги давлат ва дин арбоблари Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни катта иштиёқ билан кузатишаётгани ва, албатта, мана шундай янгиланишларни ўз кўзлари билан кўриш орзусида эканларини маълум қилди.

Йиғилишда Уламолар Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 7001 times

Янгиликлар

Top