Ўзбекистон янгиликлари

Биринчи ташриф: долзарб масалаларни ҳал этишга доир кўрсатмалар

Давлатимиз раҳбари ўтган йили 28 сентябрда, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир лавозимида ишлаб турган кезларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб, ушбу минтақаларнинг ривожланиши билан танишган эди.

Ўшанда Тахиатош ИЭСда бўлиб, 230–280 МВт қувватга эга икки буғ-газ ускуналарининг қурилиши бўйича инвестицион лойиҳа реализациясини муҳокама қилиб бундай деган эди: "Бу лойиҳа амалга оширилмаса, Қорақалпоғистон ва Хоразм саноатининг ривожланиши имконсиз. Президентимиз (марҳум Ислом Каримов) бу қарорни 15–20 йиллик истиқболларни инобатга олган ҳолда, минтақа келажаги учун, ёшлар бандлигини таъминлаш учун имзолаган. Ишни тезлаштириш – бизнинг бурчимиз", деган эди.

Бундан ташқари, пахта далаларини кўздан кечириб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан танишган ва Кегайли тумани фермерлари билан суҳбатлашган, минтақа экспорт салоҳиятини ошириш, қисқа муддатда ҳосилни йиғиб олиш, Уй-жой қуриш, коммунал хизматлар ишини такомиллаштириш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш каби масалалар юзасидан зарурий топшириқларни берган эди...

Иккинчи ташриф: муаммолар ечимини топа бошлади

2017 йилнинг 20-21 январь кунлари Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида Қўнғирот туманига бориб, Қўнғирот-Мўйноқ йўналиши бўйича тоза ичимлик суви қувурлари тортилишига асос солди. Бу ўз навбатида Мўйноқ туманида тоза ичимлик суви танқислиги муаммосининг ҳал қилинишига, туман аҳолисининг соғлиги ёмонлашувининг олди олинишига, жигар, ошқозон ва буйруқ касалликларига барҳам берилишига, шунингдек, туман аҳолиси олдингидай тоза ичимлик сувини узоқ жойлардан ташиб келтирмасдан турар жойларига уланган сув тармоғидан таъминланишига шароит яратди.

Юртбошимиз ташрифи давомида, Нукусда қурилаётган полимер заводи билан танишган эди. Ушбу заводда йилига 8 минг тонна полиэтилен қувурлар ва қадоқлаш учун керак бўладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Шунингдек, Нукус темирйўл вокзали билан танишиб у ерда йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш, таклиф қилинаётган хизматлар сонини ва хизмат кўрсатиш маданиятини оширишни таклиф қилди.

Учинчи ташриф: ғалвир сувдан кўтарилди, натижалар ижобий

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари 20−21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Ўтган вақт мобайнида улар тўла амалга оширилди.

Ташриф якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 та лойиҳа бажарилди. Бу қарийб 4 мингта иш ўрни ташкил этиш имконини берди. Масалан, Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент» корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги «Техник глобал» корхонасида «Самсунг» бренди остида йилига 150 минг дона телевизор, «Нукус полимер» корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен труба ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Тўрткўл туманидаги «Вегатекс глобал» корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Қорақалпоғистонликлар учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди. Шуни инобатга олиб, қисқа вақт давомида 101 километрлик «Қўнғирот-Мўйноқ» сув қувури ва «Қўнғирот» сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Бунинг натижасида Мўйноқ туманидаги 25 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари, инвестиция дастурига мувофиқ бюджет маблағлари ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мавжуд сув тармоқлари реконструкция қилинди ва янгиланди. Шу тариқа 35 та аҳоли пунктида 50 мингдан зиёд одам ичимлик суви билан таъминлангани бу борадаги ишларнинг изчил давоми бўлди. Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейи биноси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, замонавий имкониятларга эга бўлган йирик спорт мажмуаси бунёд этилди. “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжиди реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Бундай ўзгаришлар барча туманларда, қишлоқ ва овулларда рўй берди. Ҳудуд иқтисодиёти ривожланди, аҳоли турмуш даражаси ошди. Энг муҳими, одамлар буни ўз ҳаётларида сезмоқда ва келажакка ишоч билан қарамоқдалар. 

Давлатимиз раҳбари “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидига яна ташриф буюриб, бу ерда бажарилган ишлар билан танишди ҳамда нуронийлар ва имом-хатиблар билан суҳбатлашди. Мазкур табаррук маскан зиёратида Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилдилар. «Ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини чуқур ўрганиш учун барча шароитларни яратамиз. Аҳоли зиёрат қилиб, чинакам маънавий озиқ оладиган бундай маънавий-маърифий масканларни янада обод қилиб, келажак авлодлар учун сақлашимиз керак»,  деди давлатимиз раҳбари суҳбатда. Суҳбат асносида жуда кўп топшириқ ва тавсиялар берилди. Жумладан, Қуръони карим мусобақасини жуда ҳам юқори даражада ўтказиш, айниқаса республика босқичига алоҳида тайёргарлик кўриш борасида зарур маслаҳатларини бериб ўтдилар.

Ана шу уч ташриф вақтининг ўзига эътибор қилган киши юртбошимизнинг ушбу ҳудудга куз ва қиш вақтида ташриф буюрганининг ҳикматини англайди. Чунки ушбу даврда республика ҳудудида қора совуқ ҳукмронлик қилади. Президентимиз эса қорақалпоқ халқининг ана шу совуқда қандай яшаётганидан хабар олишни ният қилиб боради бу юртга. Зотан, ўзларининг таъбири билан айтганда, “Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”.  Комил ишонч билан айтиш мумкинки, Президентимизнинг ана шу ибораси қанотли сўзлар қаторидан ўрин олади ва бутун олам аҳлининг, ҳар бир раҳбар шахснинг шиорига айланади. Зеро, бу – ўз халқини чин юракдан севган, унинг турмуши учун астойдил қайғурган кишининг қалбидан келган сўзлардир. 

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

Read 4059 times
Tagged under

Янгиликлар

Top