Ўзбекистон янгиликлари

Намуна кўрсатган имом-хатиб Ҳажга имтиёзли боради

Ҳаж сафарига номзодларни танлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, шунингдек, ҳажга борувчиларни саралаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ аввал Ҳажга борган фуқаро қайта юборилмайди. 

Шунингдек, Умра зиёратига бормоқчи бўлган фуқаро сўнги икки йил мобайнида Умра ёки сўнги беш йил мобайнида Ҳаж тадбирига бормаган бўлиши керак. Бу кўпчилик юртдошларимизнинг адолат нуқтаи назаридан ниятлари амалга ошишига хизмат қилади. 

Ҳаж тадбирига борадиган номзодларни саралаш ишлари бу мавсумдан камида 5 ой аввал бошланади. Ҳажга борадиган номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ туман бош имоми, маҳалла имоми, маҳалла раиси, диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, Хотин-қизлар қўмитаси ва “Нуроний” жамғармаси вакилларидан ташкил топади. Номзодлар мазкур ишчи гуруҳ томонидан суҳбатдан ўтказилади ва муносиблар танлаб олинади. 

Ҳаж ва Умра мусулмонлар учун энг муқаддас зиёрат. Унда иштирок этиш олий ниятдир. Қарорга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда бу жиҳатлар алоҳида эътиборга олиниб, номзодларга бир қатор талаблар қўйилди. Жумладан, номзод Ҳаж амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга бўлиши, маънавияти, одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборли, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги соғлом муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтаришга лаёқатли бўлиб, маҳалла тадбирларида фаол иштирок этиши лозим. 

Барча талабларга жавоб берадиган номзодлар бўйича 15 кун мобайнида жамоатчилик фикри ўрганилади. Улар томонидан билдирилган фикр ва эътирозлар 5 кун муддатда кўриб чиқилади. 

Қарорда жамиятдаги ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда маҳаллалардаги йўлдан адашганларни соғлом эътиқодга қайтаришда алоҳида намуна кўрсатган имом-хатибларнинг имтиёзли равишда Ҳаж сафарига боришига тавсия бериш кўзда тутилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4214 times

Янгиликлар

Top