Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон “Осиё лочини” деб эътироф этилди

Швейцарияда нашр этиладиган “Diva International” журнали саҳифасида “Осиё лочинининг парвози: Ўзбекистоннинг 2018 йилга мўлжалланган юксак режалари” сарлавҳали мақола босилди. Унда мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши ҳамда истиқболига оид маълумотлар атрофлича қаламга олинган, деб ёзади “Жаҳон” ахборот агентлиги. 

“Худди лочин ерни пастда қолдиргани ҳолда тобора юқорига кўтарилиши сингари Ўзбекистон ҳам ўзининг янги раҳбари бошчилигида ривожланиш ва фаровонликнинг янги қирраларини забт этиш йўлида чуқур ва туб ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш асносида қанотлари билан юксалмоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган бошқаруви остида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланишини айнан шундай таърифлаш мумкин. 2017 йилнинг декабрида у миллий парламентга Мурожаатнома тақдим этиб, ўтган йилнинг якунларини сарҳисоб қилгани баробарида яқин истиқболга мўлжалланган кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида ҳам батафсил тўхталди. 

Қайд этилганидек, давлат раҳбари Мурожаатномаси Ўзбекистон етакчисининг иқтисодиёт, жамият ва сиёсатдаги мавжуд муаммоларни нақадар теран англашини ҳамда уларни бартараф этиш бўйича жуда оқилона таклифлар билдирилганини намоён этди. Мамлакат парламенти аъзолари ҳамда сиёсатчиларга аниқ ва лўнда қилиб “Уйғониш вақти етди, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, дея даъват этгани тушунарли ҳолдир”. 

Мақолада Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бўлган мазкур Мурожаатномада ўз ифодасини топган айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. 

“Биринчидан, бу ўтган йиллар давомидаги ҳаққоний бўлмаган рақамлар ортидан қувиш ва номақбул иш услубларини танқид қилиш. Шу боис Марказий банк ҳамда халқаро молиявий институтлар томонидан текширилган аниқ-равшан рақамларга мувофиқ, 2017 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,5 фоизни ташкил этиши эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил cентябрида валюта тизимини либераллаштиришга киришгани ҳолда иқтисодиётни ислоҳ этиш йўлида жуда дадил қадам ташлади. У, шунингдек, мамлакат фаровонлигининг қудратли ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кичик ва хусусий бизнес мустаҳкамланишининг жиддий тарафдори ҳамдир. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни давом эттиргани ҳолда Президент барча тадбиркорлик субектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатишни таклиф этди. Шунингдек, давлат раҳбари 2018 йили Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошлашини ҳам маълум қилди”, деб ёзади Швейцария нашри. 

Нашр эътироф этганидек, давлатимиз раҳбарининг Президент виртуал қабулхонаси ва жойларда Халқ қабулхоналарини очиш, 2017 йилни мамлакатда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббуслари кўпчилик томонидан, шу жумладан, ўтган йили республикага ташриф буюрган БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн томонидан ҳам юқори баҳоланди. 

“Президент парламентга Мурожаат чоғида бу ғояни ривожлантириш, яъни мамлакат фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун Интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этишни таклиф қилди. Бундан ташқари, у фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда белгилаб қўйилиши лозимлигини ҳам тавсия этди”. 

Маҳаллий органларга катта ваколатларни бериш асносида ҳокимият марказлашувидан чекиниш бўйича чуқур ислоҳотларнинг кўзланаётгани ҳам журнал эътиборидан четда қолмаган. Шу ўринда нашр мамлакат минтақаларини ривожлантириш, одамларнинг эркин ҳаракатланиши, ички ва ташқи савдо ҳажмларини ошириш, иқтисодий фаолият ва сайёҳликни ривожлантириш таъминланиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ички сайёҳликни рағбатлантириш ва корруптсия даражасини кескин пасайтиришга қаратилганини қайд этган. 

“Президент мамлакатда 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб ном беришни таклиф этди. Давлат раҳбари бу билан ислоҳотлар ўтказишдан бошқа йўлнинг йўқлигини ва одамлар ишончини қозониш учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозимлигини маълум қилди. Шубҳа йўқки, 2018 йили Ўзбекистон катта эътибор қаратиладиган мамлакатлардан бири бўлади, чунки лочин ўз парвозини энди бошламоқда”, деб ёзади “Дива Интернатионал”. 

“Дива Интернатионал” – инглиз, франтсуз ва испан тилларида 2000 йилдан буён чоп этиладиган журнал. Нашр адади 5 минг нусха. Нафақат Швейцариядаги, балки дунёдаги бошқа мамлакатларнинг дипломатлари, халқаро ташкилотлар ходимлари, тадбиркор ва жамоатчилик арбоблари ушбу журналнинг асосий ўқувчилари ҳисобланишади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4597 times

Янгиликлар

Top