Ўзбекистон янгиликлари

Америкалик мутахассислар туризмни ривожлантиришга ёрдам беради

АҚШнинг Смитсон институти экспертлари Ўзбекистондаги туризм саноати ҳолатини ўрганиб, унинг кейинги ривожланишига доир тавсиялар беришади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот анжуманида шу ҳақида хабар берилган эди. 

Мутахассислар асосий эътиборни Тошкент ва Хивага қаратишади. Улар бу ерларда қатор илмий-тадқиқот ишларини олиб боришади ва кўрсатилган шаҳарлардаги туристик инфратузилмани яхшилашга доир тавсияларни тайёрлашади. Мазкур лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан молиялаштирилади. 

Институт делегацияси 15 январга қадар Маданият вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси, музейлар ва таълим муассасаларида учрашувлар ўтказади. 

Смитсон институти таълим ва илмий тадқиқот тизимида фаолият юритади, унинг таркибидаги музей комплекси эса дунёдаги энг йирик экспонатлар, музей қимматбаҳо буюмлари ва артефактлар сақланувчи жой ҳисобланади. 

Институт Ўзбекистоннинг кутубхоналари билан узвий алоқалар ўрнатган. 2011 йилдан бошлаб республикага қатор экспертлар ва тадқиқотчиларнинг ташрифи амалга оширилган ва санъат, меъморчилик ҳамда қадимий қўлёзмаларни сақлаш ва қайта тиклашга доир тавсиялар берилган. 

Маълумотларга кўра, Смитсон институти музейлар сақловчисида Ўзбекистоннинг маданий ва цивилизацион мероси билан боғлиқ 1500дан ортиқ артефакт ва экспонат мавжуд. Бу объектлар институтнинг Осиё санъати музейларида намойиш этилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3583 times

Янгиликлар

Top