Ўзбекистон янгиликлари

Элликбошиларга ўқувлар бошланди

Бугун, 17 январь куни пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Умра-2018” баҳорги мавсумига жалб этилган гуруҳ раҳбарлари иштирокида дастлабки ўқувлар бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари Д.Бобожонов, М.Йўлдошев, диний идора Халқаро алоқалар бўлими мудири М-А. Шакиров ва шифокор Алишер Саатов иштирок этди.
Ушбу йиғилишда, Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилояти гуруҳ раҳбарлари иштирок этган бўлса, ундан кейинги кунларда Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Наманган, Андижон, Фарғона, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси гуруҳ раҳбарлари учун машғулотлар белгиланган муддатларда бўлиб ўтади.
Тадбир давомида, мутасаддилар томонидан гуруҳ раҳбарларига зарурий тавсиялар берилади. Жумладан, уларнинг бурч ва масъулиятлари, умра ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишларнинг уларга тааллуқли жиҳатлари атрофлича ёритилади.
Шунингдек, сафарга доир ҳужжатлар билан ишлаш тизими, гуруҳдаги зиёратчилар билан машғулотлар ўтказиш тартиби, паспорт ва бошқа ҳужжатларини юритиш қоидалари борасида ҳам кўрсатмалар берилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4437 times

Янгиликлар

Top