Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлигида

Жорий йилнинг 16-26 январь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра ишлари вазири таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси мазкур давлатга хизмат сафарини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди. 

Делегация Саудияда Ҳаж тадбирларини ташкил этишга масъул бўлган идора ва ташкилотлар билан Жидда, Макка ва Мадина шаҳарларида учрашувлар ўтказмоқда. 

Белгиланган жадвалга мувофиқ 17 январь куни Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси Бош бошқармаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. 

Ўзбекистон Ҳаж делегацияси томонидан Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси Бош бошқармаси раҳбарияти ва Саудия Ҳукуматига “Ҳаж-2017” мавсумини намунали ташкил этгани учун ташаккур изҳор этилиб, тегишли масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 

Шу куни Жидда шаҳрида “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбарияти Солиҳ Баҳвини ва Усома Тошкандий билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида долзарб масалалар, ҳаж тадбирларини ўтказиш бўйича ҳамкорлик ишлари муҳокама этилди. Навбатдаги Умра ва Ҳаж мавсумларида зиёратчиларимизга янада қулай шароитлар яратиш мақсадида Макка шаҳрида ижарага олиниши режалаштирилаётган меҳмонхоналар, у ердаги ҳожилар учун белгиланган хизматлар ва Мино, Арафот ва Муздалифада бажариладиган ташкилий масалалар, бўйича фикр алмашилди. 

18 январь куни Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва Умра вазирлигининг Макка шаҳридаги қароргоҳида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра ишлари вазири ўринбосари Абдулфаттаҳ Сулиман Машат томонидан қабул қилинди. Учрашувда вазирликнинг ҳаж ишларини ташкил этиш бўйича бошқа вазир ўринбосари ва мутасаддилар ҳам иштирок этдилар. 

Учрашувда Абдулфаттаҳ Сулиман Машат томонидан ўтган ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларнинг Саудия ҳудудидаги амалларини тартибли ва намунали тарзда бажаргани, жумладан, ишчи гуруҳи фаолиятига юқори баҳо берилгани, келгуси ҳаж мавсумида ҳам биргаликда шундай яхши натижаларга эришишга умид билдирилди. 

Ўзбекистон ҳаж делегацияси ўтган ҳаж мавсумини тартибли ва юқори даражада ўтказишда кўрсатилган ёрдам учун шахсан ҳаж вазири Солиҳ Бентин жаноблари ҳамда вазирлик тасарруфидаги барча идора ва вакилликларга миннатдорчилик билдирди. 

Учрашувда делегация раҳбари Ў.Ҳасанбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси асосида муқаддас динимизга, ҳусусан, Ислом маърифатига берилаётган юксак эътибор ва ҳурмат, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этилиши ва зиёрат туризми бўйича атрофлича маълумот тақдим этди. 

Шу куни Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Ҳаж ишлари вазири томонидан ташкил этилган қабул маросимида Ҳаж ишлари вазири Солиҳ Бентин томонидан Ўзбекистон буюк алломалар юрти экани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Ҳаж делегациясига юксак эътибор кўрсатилди. 

Шунингдек, Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожилари учун хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати раиси Тариқ бин Муҳаммад Анқави билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам охирги йилларда Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасидаги узвий ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб бораётгани, бунинг натижасида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж амалларини бажаришларида қулайлик ва енгилликлар яратилаётганини таъкидлаб, ўтган ҳаж мавсумида бошқа давлатлар орасида ўзбекистонлик ҳожиларга юқори баҳо берилди. 

Ҳозирги кунда делегациянинг ташрифи давом этмоқда

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3821 times

Янгиликлар

Top