Ўзбекистон янгиликлари

Оқибат – халқимизга хос эзгу фазилат

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Афв этиш тўғрисидаги ҳужжатга мувофиқ судланганлар тез орада оиласи бағрига қайтарилди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиши учун жамиятга қайтиш имкони берилди.
Авф этилган фуқаролар ва ички ишлар идораларининг махсус рўйхатида турган шахслар билан ишлаш тизими яратилиб, улар турли жамоат тадбирларига жалб этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири 2018 йил 21 январь куни Тошкент шаҳрининг Миробод тумани ҳокимлиги ва бош имом-хатиби ташаббуси билан ташкил этилди.
Адашиб турли оқимларга кириб қолган, бугунги кунда рўйхатдан ўчирилган 23 нафар мирободлик фуқаролар учун туман бош имоми О.Холмуродов таклифига кўра ва туман ҳокимининг буйруғига асосан Самарқанд шаҳрига зиёрат саёҳати уюштирилди.
Туман ҳокимияти томонидан зиёратчилар учун махсус автобус ташкиллаштирилиб, тушлик, бориш-келиш харажатлари ҳокимият томонидан қопланди.
Зиёратчилар Имом Ал-Бухорий мажмуаси, Шоҳи Зинда, Гўри Амир ва Дониёр пайғамбар зиёратгоҳларида бўлишди. Сафарда туман ички ишлар бўлими ходимлари ва имом-хатиб ноиблари ҳам иштирок этишди.


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3068 times

Янгиликлар

Top