Ўзбекистон янгиликлари

Ҳалок бўлганларнинг оилаларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда

Наманган вилоятидаги барча меҳнат жамоалари, ўқув муассасаларида 2018 йил 20 январь куни иш ва ўқиш фаолияти Қозоғистон Республикасининг Оқтўба вилоятида рўй берган автобус ёнғинида ҳалок бўлган ҳамюртларимизни хотирлаш билан бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

– Қартайган чоғимда пешонамда шундай кўргулик ҳам бор экан, - Шоҳидон қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Ҳусниддин Исомиддинов. – Эндигина йигирмага кирган набирамдан айрилиб ўтирибман. Иложимиз қанча, Аллоҳ барча ўтганларни раҳматига олган бўлсин. Кеча Тошкентдан келган раҳбарлар ҳам таъзия билдириб кетишди. Шундай кунда қайғумизга шерик бўлганларга раҳмат... 

Аввал хабар қилинганидек, дастлабки эълон қилинган рўйхатга кўра, ҳалокат қурбонларининг 22 нафари Тўрақўрғон ва 8 нафари Косонсой туманидан бўлиб, уларнинг оила аъзоларига ҳокимликлар ва кенг жамоатчилик томонидан зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. 

– Аввало, фожиали ҳалок бўлган ҳар бир йигитнинг хонадонига бўлиб, уларнинг оилавий шароитини ўрганиш ва шунга асосан тегишли ёрдам кўрсатиш, оила аъзоларини аҳвол-руҳиясини назоратга олишга алоҳида эътибор берилмоқда, – дейди Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев. – Ҳар бир оилага давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларидан масъуллар, шифокорлар бириктирилди. Ҳалок бўлганлар оилаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион сўмдан маблағ ажратилди, маърака-маросимларни ўтказиш учун ҳомийлар тайин қилинди. Шунингдек, мазкур оилаларнинг коммунал соҳага доир турли муаммолари ҳал этиб берилмоқда. 

Косонсой туманининг Чиндовул қишлоғидаги Ширинбулоқ, Учқўрғон, Чиндовул маҳаллаларида ҳам саккиз хонадонга мавҳум мотамсаролик соя ташлаб турибди. 

– Албатта, бу йўқотишларнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамғармаси Косонсой туман бўлимининг раиси Абдусамад Дадабоев. – Бироқ маҳалла-куй томонидан бу оилалар аъзоларининг ғам-қайғуларини иложи борича енгиллатишга ҳаракат қилинмоқда. Ҳар бир мотамзада хонадонга “Нуроний” жамғармаси томонидан 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилди. Бундан ташқари бир тоннадан кўмир, газ баллони, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3201 times

Янгиликлар

Top