Ўзбекистон янгиликлари

ЎМИ хотин-қизлар бўлими: Биринчи Президентни хотирлаб...

Кеча 24 январь 2018 йил санасида халқ ичида “Кўкча” номи билан машҳур “Шайх Зайниддин” масжидининг мажлислар залида шаҳар отинойилари иштирокида “Асрга татигулик умр” мавзусида хотира тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбирга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябридаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асос қилиб олинди.

Тадбирга нуфузли ташкилотлардан ҳам азиз меҳмонлар ташриф буюришди. Даврани Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Дилбархон Атабоева кириш сўзи билан очиб берди.

Сўнг Шайхонтоҳур тумани отинойиси Розияхон Рустамова Аллоҳнинг каломидан тиловат қилди. Кейин Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳақидаги видео-лавҳа йиғилганларга намойиш этилди.

Лавҳа намойишидан сўнг Республика “Нуроний” жамғармаси аъзоси Мукаррамхон Муҳиддинова “Сиз ва биз ишлаган йиллардаги фидойилик” мавзуси асосида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Жумладан, қарияларга “нуроний” сўзини ҳурмат маъносида берган ва азиз авлиёлар ётган ерлари, муқаддас қадамжоларни, тарихни тиклаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни хотирлади.

Ундан кейин сўз навбати “Ёшлар билан ишлаш гуруҳи аъзоси” Гулчеҳрахон Каримовага берилди. У “Сиздан озод ва обод Ватан қолди” мавзусида ўз фикрларини баён этди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси, шу тадбирга бош-қош бўлган Фотимахон Ҳақбердиева сўз олди ҳамда Тошкент шаҳар отинойилари, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти мураббия ва талабалари номидан бағишланган Қуръони карим хатмининг дуосини адо этиб, йиғилишга якун ясади.

Шуни таъкидлаш жоизки, тиловат қилинган Қуръон оятлари савоби ва гўзал дуолар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов руҳига, шунингдек, яқинда содир бўлган, Ақтўбеда фожеали ўлим топган ўзбек йигитлари руҳларига бағишланди. 

Тадбир якунида азиз меҳмонларга совғалар улашилди.

 

Зуҳрахон ҲАМДАМОВА

“Муслим.уз” портали учун махсус

Read 3900 times

Янгиликлар

Top