Ўзбекистон янгиликлари

Илмий мактаблар фаолиятига 70 кун:  камчиликлар, натижалар ва таклифлар

Кеча, 25 январь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Калом, Ҳадис, Тасаввуф, Ақида, Фиқҳ илми бўйича 5 та илмий мактаблар фаолияти бўйича диний идорада йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, илмий мактаблар фаолияти, тингловчилар савияси, ўқитувчилар салоҳияти, машғулотлар олиб бориш услуби ҳамда муаммо ва камчиликларни ўрганиш бўйича масъул ходимлар хизмат сафарида бўлишганини таъкидлади.
Шундан сўнг мазкур сафар якунлари бўйича масъул ходимлар маълумот ва таклифлар беришди. Дастлаб Самарқанддаги Калом илми ва Ҳадис илми мактаблари бўйича диний идора таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси С.Шерхонов ахборот бериб, ушбу икки мактабда 25 нафардан тингловчи ўқувларда қатнашаётгани, “Фиқҳул Акбар” китоби мутолаа қилинаётгани, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида малакали устозлар дарс бераётгани, тингловчилар гуруҳларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳда 6 нафардан тингловчи иштирок этаётганини билдирди.
Тасаввуф мактаби бўйича Дин ишлари бўйича қўмитанинг Таълим бўлими бошлиғи Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов маълумот бериб, Тасаввуф мактаби “Мир Араб” олий мадрасаси ҳузурида ташкил этилгани, 28 нафар тингловчи машғулотларда қатнашаётгани, ҳозирги кунда Бухоро давлат университети таркибида очилган Тошкент ислом университети кафедраси билан яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани, жумладан, докторлик диссертациялари муҳокамалари ўтказилаётганини келтирди. Шунингдек, узоқ масофадан келиб ўқийдиган тингловчилар учун турар жой масаласини ҳам ҳал этиш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Абдулхамид Турсунов Қашқадарё вилоятидаги Ақида илми мактаби тўғрисида сўз юритиб, 25 нафар тингловчи иштирок этаётгани, улар “Фиқҳул Акбар” ва “Саботул ожизин” китобларини мутолаа қилишаётгани, мактаб йил охирига қадар “Абу Муин Насафий” мажмуасига кўчиб ўтиши режа қилинганини маълумот сифатида айтиб ўтди.
Тошкент ислом университети масъул ходими Озод Серсенбаев сўзга чиқиб, Фарғона вилоятидаги Фиқҳ илми мактабида 10 нафар тингловчи иштирок қилаётгани, ҳафтада икки марта сешанба ва шанба кунлари дарс машғулотлари олиб борилаётгани, ихтисослашувга алоҳида эътибор қаратиш, “Қавоидул фиқҳия”, “Усулул фиқҳ” каби асарларини мукаммал ўргатиш лозимлиги тўғрисида гапирди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йиғилишда сўз олиб, ушбу мактабларда янги-янги замонамиз олимларини етиштириб чиқариш, Ҳадис илми мактабида икки ойдан зиёд вақт мобайнида 123 та ҳадис ёд олиш тингловчи учун жуда ҳам кам экани, барча тингловчилар мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул Акбар” асаридаги масалалар ва Имом Бухорий ҳазратларининг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобидаги барча ҳадисларни ёд олишлари, араб тилида мутолааси тўлиқ чиқиши ҳақида алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари машғулотлар ўтаётган устозлар маошларини етарли даражада қилиб бериш чоралари кўрилаётганини билдирдилар.
Шунингдек, нотиқлар барча мактабларда фиқҳ дарсларини ҳам ўқитиш, мактаб номидан китоблар нашр этиш, уни тамомлаганларга имтиёзлар бериш, устозларнинг малакасини ошириб бориш, ўқув режаларини пухта тузиш, қилинаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш бўйича таклифлар берилди.
Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4156 times

Янгиликлар

Top