Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент шаҳридаги Ақтўбе фожиаси қурбонлари хонадонларига таъзия билдирилди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиа оқибатида қурбон бўлган 52 нафар Ўзбекистон фуқароларидан икки нафари Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи навқирон йигитлар эди. Шу муносабат билан фожиадан ҳалок бўлган ҳамюртларимиз оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, таъзия билдириш учун бош имом-хатиблар ҳар икки хонадонда бўлдилар.  Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргаш Рустамов ва Сергели тумани бош имом-хатиби Нўмон Ҳамидовлар Сергели тумани, Қурувчилар мавзеси 20/13 мавзесида яшаган, 1995 йилда туғилган марҳум Умаржонов Мухиддинжон Нуриддин ўғли ҳонадонига, Олмазор тумани бош имом-хатиби Садриддин Абдурашидов бошчилигида жамоат бирлашмалари вакиллари  Олмазор тумани, Ҳикмат Рахмонов кўчаси, 22-уйда истиқомат қилган, 1981 йилда туғилган марҳум Турсунов Хуршидхон Усманханович хонадонларига ташриф буюрдилар.

Имом-хатиблар хонадоннинг машъум фожиада ҳалок бўлган ўғлонларининг ҳақларига тиловати Қуръон ўқиб, дуолар қилишди.

Фожиа қурбонлранинг ота-оналари, яқинлари билан суҳбатда бўлиб, уларнинг мусибатларига шерик эканликларини билдирдилар. Муфтий ҳазратларининг  ҳамдардлиги, алоҳида таъзияларини етказишди. Шунингдек, уларга моддий-маънавий кўмак – пул маблағлари, озиқ-овқат маҳсулотлари улашиб, руҳий тасалли беришди.

Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтиб, мусибат эгаларига тасалли бердилар.

vakillik.uz

Read 3164 times

Янгиликлар

Top