Ўзбекистон янгиликлари

Халқимизнинг ардоқли фарзандини хотирлаб

Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. Шўролар даврининг тазйиқларидан халқни қутқариб, неча йиллар давом этган қарамликдан озод қилган, жар ёқасига келиб қолган буюк юртни қайта тиклади. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик куни эълон қилинди. Ҳар томонлама ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар рўй берди. Мустабидлик даврида унутилган аждодлар номи тикланди, хурликка орзуманд халқ диний эркинликка эришди. Миллионлаб юртдошларимиз ўз ибодатларини эмин-эркин адо этадиган бўлдилар. Таҳликали вазият ва қийинчиликларга қарамасдан қисқа вақт мобайнида юртимиз ўзлигига эришишига, қадриятлари тикланишига замин яратилди.

Шунингдек, Ислом Каримов ажойиб инсоний фазилатларга эга бўлганларини таъкидлайдилар. Донолардан бири, олим Абу Наср Форобий: “Инсоний хислатлар тўрт қисмга бўлинади: назарий фазилатлар, тафаккур фазилатлари, яралма (ҳаёт жараёнида вужудга келувчи) фазилатлар ва амалий санъат (касб) фазилатлари”, деган экан. Ана шу жиҳатлар муҳтарам Биринчи Президентимизда мужассам эди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Бинобарин, мустақиллик йилларининг илк давриданоқ халқ манфаати, инсонларнинг қадр-қимматини ошириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, кексаларни эъзозлаш, она-бола саломатлигига эътиборли бўлиш, аёлларга эҳтиромда бўлиш каби инсоний қадриятлар қарор топишига сабабчи бўлдилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори халқимизнинг ўзининг буюк фарзандига чексиз ҳурмат ва садоқатининг амалий ифодаси бўлди.

Қарорга асосан, Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, жумладан, 2017 йил 31 август куни Биринчи Президентимиз кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов ҳайкали очилди. Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган жоме масжиди “Ислом ота” жоме масжиди деб аталди. Бу каби савобли ишларни яна кўплаб санашимиз мумкин, буларнинг барчаси Биринчи Президентимизга кўрсатилган ҳурмат-эҳтиромнинг гўзал кўринишидир.

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, халқимизнинг самимий тилаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш борасида улкан чора тадбирларга қўл урилди, айни пайтда ҳам бу хайрли ишлар давом этмоқда.

Абдулвосе ҒАНИЕВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3572 times

Янгиликлар

Top